Куз фасли келиши билан қуриган, сарғайган барглар тўкилиб атрофни қоплайди. Мутахассисларнинг фикрича, кузда дарахтларнинг тушган барглари ва игнабаргли дарахтларнинг игналари биоген доимий эркин радикаллар манбаи ҳисобланади. Бу шуни англатадики, чириган барглар ва игналарнинг қопламаси нафас олиш ёки ютиш пайтида соғлиққа токсик таъсир қилади.
Кўп ҳолларда хазонрезги мавсуми бошланиши билан тўкилган барглар ва кесилган шох-шаббаларнинг ёқиб юборилишига гувоҳ бўламиз. Қуриган барглар ёқилганда ҳосил бўладиган тутун инсоннинг ўпка тизимини зарарлайди. Ўрганишларга кўра, 1 тонна қуриган барг ёқиб юборилганида, ҳавога 9 кг гача тутун микрозаррачалари ажралади.
Бу микрозаррачалар таркибига чанг, азот оксиди, ис гази, оғир металлар ҳамда инсон учун энг хавфли моддалардан – диоксин ва диоксан киради. Бу заҳарли моддалар инсон организмига тушгач, иммун тизимини шикастлаб, гормон ва витаминлар фаолиятини издан чиқаради. Шунингдек, тупроқ қатламининг фойдали микроорганизмлари – ёмғир чувалчанглари, майда ҳашаротлар нобуд бўлади.
Аслида бу каби ҳаракат ҳуқуқбузарлик бўлиб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга мувофиқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баробари - 3,3 миллион сўмгача жарима солинишига сабаб бўлади. Шунингдек, сомон ёқилиши сабабли ушбу ердаги тупроқ унумдорлигининг камайиши оқибатида етказилган зарар суммаси мажбурий тартибда ундирилади.
Фуқаролардан шундай ҳолатларга дуч келган тақдирда 11-57 ишонч рақамига қўнғроқ қилиб, хабар беришлари ёки @ecogovuz_bot телеграм ботига мурожаат қилишлари сўралади.
Хазонлардан фойдали ўғит тайёрлаш мумкин. Тажрибали боғбонларнинг таъкидлашича, йиғилган баргларни қопларга солиб, қиш давомида кутилса, улар чириб компосга айланади. Кузда махсус чуқурлар қазиб, тўкилган барглар шу чуқурларга кўмилиб, баҳорда тайёр бўлган чириндидан дарахтларга ўғит сифатида фойдаланиш яхши самара беради.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА