Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ҲАЗИЛИ ҲАМ ШУ, ЧИНИ ҲАМ...
12:03 / 2020-12-03

Ўзбекистон халқ ёзувчиси, “Тафаккур” журнали бош муҳаррири Эркин АЪЗАМ билан суҳбат

– Эркин ака, биламан, Сиз ОАВ ва ижтимоий тармоқларда кўринишни кўп ҳам хушламайсиз. Аммо ЎзА мухбирининг саволларини жавобсиз қолдирмаслигингизга ишонаман. Ҳарҳолда, бир вақтлар шу даргоҳда бош директорнинг биринчи ўринбосари бўлиб ишлагансиз.

Қарияларнинг тили билан айтганда, йил оғир келди, йўқотишлар ҳам шунга яраша кўп бўлди. “Тожсимон вирус” деб номлаганимиз офат инсониятга улкан зиён-заҳмат келтирди. Яхшининг бир ёмони, ёмоннинг бир яхшиси бўлганидек, пандемия даври ҳам инсонларга дурустгина сабоқ берди, ибрат-хулосалар чиқариш учун имкон яратди, назаримда...

– Хотинларнинг қарғишига ўхшаш гап келяпти тилга: “Берган сабоғи қурсин!”

Энди одамзоднинг кўзи очилди, одам боласи энди тавба қилади, деб ишонаётган бўлсангиз, мени шу сафга қўшмаганингиз маъқул. Бандаси тарихда бу каби балоларга кўп бора дуч келган, агар шулардан оқилона хулосалар чиқарганида бугунги қавмнинг инсоний қиёфаси бутунлай ўзгача бўларди!

Тўғри, ниқоб тақишни ўргандик, тўғри, жон ширинлигини англаб етгандек бўлдик. Аммо уйда ўтиравериб биқиқлашдик ҳам, бир-биримиздан бегоналашдик ҳам. Энг ёмони – ўлим ҳодисасига кўникканимиз, унинг кундалик ҳолга айланиб қолгани. Жон ваҳмида жаноза тугул таъзияга боришдан ҳам қўрқамиз бугун. Майли, азбаройи эҳтиёт, азбаройи мажбурликдан дейлик, лекин инсоний қадриятларга зарба, худбинлашув сари кенг очилган дарвоза ҳам бўлди-да бу!

Ширинликка ўрганган бола, нима тақиқ қўйманг, барибир ҳидини олади. Бошимиздан ўтган-да, биламиз. Қаранг, маърифатли, мутараққий Европаси тиббий-ижтимоий чекловларга қарши қандоқ ғалаёнлар қилиб ётибди. Уларнинг ҳаётчанлигини олқишламоқ, шахсий эркинлик талабига ҳавас қилмоқ мумкиндир, бироқ бу васвасаларнинг асоси фароғатга одатланган эрка кўнгилларнинг анчайин тантиқлигига ҳам бориб тақалмайдими, нима дейсиз?!

Ёки ўзимиздаги аҳволни олинг. Ҳукумату илғор жамоатчилик ҳар қанча чекловлар қўймасин, инсофга чақириб толмасин, шу таҳликали кунларда тўю базмларимиз камайди, ихчамлашди, деб ўйлайсизми? Телевизору расмий ҳисоботларда камайгандир, аммо ана, қишлоқларга чиқиб кўринг-чи!..

Албатта, дунёни ташвишга солган бу балои азим ижтимоий-иқтисодий жабҳаларда бир талай янгиликларни юзага келтирар, бироқ инсоннинг табиатига тубдан таъсир кўрсатуви мушкулдир-ов. Бу каби вазиятларда яхши янада яхшилашади, ёмон эса баттарлашади десангиз, бу фикрни ўйлаб кўрса бўлар.

Каминанинг шахсий хулосам: ҳар қандай назорату чекловлар ўз йўлига, Худойим бандасининг кўнглига мўралаб, унга инсоф ато этмаса, бари бекор!

– Бугун дунё қоришиб кетди. Маданиятлар, қадриятлар, урф-одатлар, борингки, Ғарбу Шарқ кўз ўнгимизда аралашиб бормоқда. Ўзбекистон ҳам бундан мустасно эмас. Турфа дунёқарашлар, мафкуралар, “изм”лар жамиятда ёнма-ён яшаяпти. Катта авлод ёшларнинг “тарбиясиз”лигидан нолиса, ёшлар улуғларнинг эски қолиплар, “доҳий”ларга сажда қилиш иллатидан қутулолмаганидан ёзғиради. Миллий ғоя, мустақиллик мафкураси, деймиз. Биз келгусида қай йўлдан боришимиз керак? Ёшларга кимни, нималарни ибрат-намуна қилиб кўрсатмоғимиз лозим? Ёзувчи – “инсон руҳининг муҳандиси” сифатида Сизнинг бу борадаги мулоҳазаларингиз ўқувчиларимиз учун қизиқарли деб ўйлаймиз...

– Келгусида қайси йўлдан боришимизни билганимда, биродар, бундай қоғоз-қалам қилиб ўтирмасдим, бирор каттароқ амалнинг бошини тутиб майдонга чиқардим... Ҳазилиям шу, чиниям шу. 

Менга ўхшаган камтарин бир қаламкашнинг фикри эса – оддий инсоний йўлдан бориш, вассалом!

Камина бугунги ёшларни “телефончи авлод” деб атайман. Изоҳга ҳожат йўқдир? Тўғри-да, уларнинг дўсти ҳам, душмани ҳам, кечирасиз-у, ота-онаси ҳам шу матоҳ – қўлидаги телефонча бўлиб қолган. Бунинг нима оқибатларга олиб боришини билгич олимлардан сўрайсиз. Мен айтаманки, ҳозирги ёшлар, дейлик, бизнинг авлоддан яхши ҳам эмас, ёмон ҳам эмас. Уларнинг яхши бўлмоғини хоҳласак, биз – катталар ўзимизнинг у ёқ-бу ёғимизга қараб олмоғимиз даркор. Таассуфларки, уларда бизга нисбатан, келажакка нисбатан ишонч камайгандек, назаримда. Қўлимиздан келса, шуни тикламоғимиз, уларга намуна, ибрат бўлмоғимиз керак. Бунинг учун эса камроқ ёлғон гапирайлик, камроқ мунофиқлик қилайлик, риёдан, ришватдан ҳазар этайлик, сабр-қаноатли бўлайлик... Қуруқ насиҳатлар бекор!

Ўзимдан сўрасангиз, шу “ёмон” ёшларга ҳавас қилмоқдан ўзга чорам қолмаган.

– Бизнинг авлод сиз тенгқур адибларнинг асарларини ўқиб улғайди. Ҳар бир ҳикоя, ҳар бир қиссангиз қачон ёзилганию дастлаб қаерда эълон қилинганича биламиз. Талабалик йилларимиз, “Отойининг туғилган йили” қиссангиз “Гулистон”да пешма-пеш чоп этилганида курсдошлар билан журналнинг ҳар бир сонини интиқлик билан кутиб, қўлма-қўл қилиб ўқиганмиз. Бу гапни Тоғай Мурод, Мурод Муҳаммад Дўст ёки элимизнинг бошқа таниқли адибу шоирлари ижодига нисбатан ҳам бемалол айта оламан. Бироқ бугун ҳукуматимиз китобхонликни қанча тарғиб-ташвиқ қилаётган, рағбатлантираётган бўлмасин, ўша даврдаги қайноқ иштиёқни кўрмаяпман.

Ҳозирги  миллий адабиёт, хусусан, насримизда кечаётган ижодий жараёнларни қандай баҳолайсиз? Ўзингиз тенгқур адиблар ижоди билан таққослаганда қандай фарқ, тафовутни кўрасиз? Кўнглингиз тўладими? Қай жиҳатларидан ранжийсиз?

– Сиз айтган даврларда адабиёт билан санъатдан бошқа овунчоқ кам эди. Ҳар алвон тақиқу чекловлар бисёр бўлганига қарамай, “икки тошнинг орасида” ҳам ажаб гулу чечаклар битар, бўй чўзар эди. Бугун энди бозор, эркинлик, кечаги зуғуму тақиқлар йўқ; бозор, биласиз, алдам-қалдамсиз, ғирромликларсиз бўлмайди. 

Китоб дўконларига кириб эса бошингиз айланиб кетади: вой-бў, шунча ёзувчимиз борми, шунча асар ёзиб ташлашдими?! Китоб чиқармаган одам қолдимикан ўзи юртда? Агар шулар бари ёзувчи аталса, шулар бари адабиёт саналса, унда бизга ўхшаганлар лайлак ҳайдаб юрган эканмиз-да! Тўғри, ажаб-ажаб истеъдодлар пайдо бўлди, ажаб-ажаб янгича изланишлар кўзга ташланаётир, катта-катта китоблар дунёга келаётирки, камина уларни таърифлаб чарчамайман. 

Айниқса, кейинги вақтларда ўқиганим Иқбол Мирзонинг “Бону” ҳамда Олим Тошбоевнинг “Ултонтоз” романларини мавзу ва талқин жиҳатларидан алоҳида ажратиб кўрсатиш мумкин. Лекин нима десангиз денг, на ҳали сиз тилга олган Тоғай Мурод, на Мурод Муҳаммад Дўст, на Хайриддин Султону Шароф Бошбековнинг “панжасига панжа урадигани” етишиб чиққанини шахсан мен билмайман. Сиз билсангиз – айтинг... Чинакам табиий дард йўқ, воқеликка янгича ёндашув, янги оҳанг, янги услуб сезилмайди, аксари тўмтоқ таржимани эслатади, кўпсўзлик, палапартишлик... Кўнгил қандай тўлсин булардан?!

– Тўғри айтдингиз, бозор иқтисодиёти қонун-қоидалари адабиётга ҳам ўз ҳукмини ўтказмоқда. Китоб дўконларига кирсангиз, яхшисидан кўра ёмони, аниқроғи, бозор талабига кўра ёзилган қораламалар кўпроқ учрайди. Бу кетишда адабиётнинг келажаги, ёзувчиларнинг тақдири қандай бўлади деб ўйлайсиз? Уларнинг тирикчилиги, турмуши борасида нима дейсиз?

– Бу саволга жавобни ҳозиргина эшитдингиз. Келажак ўзингиз айтган бозор шартларига боғлиқ бўлади. Бадгумону нигилист демасангиз, айтай: бу ёғига Толстой ва Чехов, Қодирий ва Қаҳҳорлар адабиётини кутиб хомтама бўлманг! Азалий моҳиятини сақлаган ҳолда жаҳон адабиёти бугун янги Сўз, янги шакл излаш билан овора. У қандай Сўз бўлади, қандай шакл? Билмайман, айтолмайман. Билганимда ёзиб кўрсатардим, аттанг...

Ёзувчи мардум бугун ҳув бир замонлардагидек китоб ёзиб тирикчилик қилолмайди. Сабабини биласиз: уч-тўрт йиллик умрини, истеъдодини сарфлаб асар ёзади. Энди уни китоб қилиб чиқариш учун маблағ, ҳомий даркор. Бир амаллаб муддаосига етгач эса, нашриёт унинг қўлига эллик-олтмиш дона китоб тутқазади, у бориб ёр-дўстига улашади. Шу, холос. Ғирт анойи бир девонанинг иши эмасми бу, айтинг?

“Девона”миз бугун тайин бир юмушнинг бошини тутмаса, кўчада қолмоғи муқаррар.

– Эркин ака, мен сизни узоқ йиллардан буён биламан. Доимий суҳбатдош бўлмасам-да, орқаворатдан, сизни билганлардан эшитиб юраман. Эл назаридаги одамсиз. Депутат бўлдингиз, амалларга миндингиз, ҳозир ҳам амалдорсиз. Ўтган ярим аср давомида қанча сувлар оқиб кетди, дунё неча бор ўзгарди, турланди, тусланди. Аммо Эркин Аъзам ўзгармади! Бир оз ўжар, тўғрисўз, хушомад ва замонасозликдан йироқ нозикфеъл қаламкаш бўлиб қолаверди. Энди улуғ ёшга кирган, ҳаётда яхши-ёмонни, паст-баландни кўрган инсон сифатида айтинг-чи, бундай яшаш қийин эмасми? 

– Кўриб турибсиз – бормиз, юрибмиз, шукр. Бўлар экан. Билган-ку билар, аммо шундан ҳам норози, қийиқ қидирадиганлар топилади. Начора, сут ўрнига сув эмганлар деймиз-да уларни...

Амал дегандек бўлдингизми? Бир-икки муддат депутат аталганимиз рост, лекин... Бош муҳаррирлик катта амал деб ўйларкансиз-да, а? Билсангиз, у қўлни чўнтакдан олмай, оғиз билан иш бажарадиган мансаб эмас – вазифа, одатдаги қора иш десаям бўлади. Буни мансаб атаб каминани ишонтиролмайсиз – ҳарқалай, бу борада тажрибамиз етарли. Баайни қасам билан “бошини зўр ишга бериб қўйиб”, ҳар ён чопиб юрадиган бир ҳалаки жон-ку! Бунда қўлни белга тираб, ақл ўргатиш билан иш чиқмайди. Ўхшатиш жоиз бўлса, у майдонга тушиб ҳамма қатори тер тўкадиган тренердек гап. Яқин-яқингача бир журнал, бир хил матнни гоҳо уч-тўрт бор қайта ўқимоққа тўғри келарди. Хайрият, эндиликда яхши ёрдамчи ҳамкорлар қаватимизга кириб қолган, барака топишсин. 

– Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 23 ноябрдаги фармойишига биноан маърифатпарвар аллома ва жамоат арбоби Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 145 йиллиги, Ўзбекистон халқ артистлари Олим Хўжаев ва Сойиб Хўжаев таваллудининг 110 йиллиги, Ўзбекистон халқ ёзувчилари Саид Аҳмад, Асқад Мухтор ҳамда атоқли олимлар Саъди Сирожиддинов ва Иброҳим Ҳамробоев таваллудининг 100 йиллиги, Ўзбекистон халқ шоири Жуманиёз Жабборов таваллудининг 90 йиллиги, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Шукур Холмирзаев таваллудининг 80 йиллиги, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоир Шавкат Раҳмон, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Эркин Аъзам ҳамда Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим таваллудининг 70 йиллиги мамлакатимиз миқёсида кенг нишонланадиган бўлди.

Аввало, Сизни қутлуғ юбилейингиз билан муборакбод этамиз. Илоё, умрингиз узоқ бўлсин! Суҳбатимиз сўнггида ушбу анъанавий саволга ҳам жавоб берсангиз: ҳозир нима ишлар билан бандсиз? Янги йилда халқимизга, ўқувчиларингизга қандай тилаклар билдирасиз?

– Дуо ва тилакларингиз учун қуллуқ!

Қатъий ваъда йўғ-у, шу кунларда бир ният хаёлда юрибди. Номини айтсам – “Уйда ўтирганлар”. Жанри – пьеса, аниқроғи, мунгли ҳангома. Нима ҳақда бўлади у?  Бошдаги жавобимда айтдим-ов.

Янги йилга тилагим... Тезроқ манови балони бошимиздан кўтарсин! У ёғи ўзимизга боғлиқ – некбин, собир халқмиз. 

Энди сизга ҳам бир савол: камина билан суҳбат қуриб пушаймон қилмадингизми?

– Аксинча. Катта раҳмат.Сизга мустаҳкам соғлиқ ва ҳамиша яхши кайфият тилайман.

 

Абдужалол ТАЙПАТОВ 

cуҳбатлашди.

ЎзА