Дин ишлари бўйича қўмитанинг маълум қилишича, айримлар Умра визаси, туристик (зиёрат) виза, бизнес виза билан Ҳаж қилишни ваъда қилмоқда. Бунинг эса мутлақо имкони йўқ. Саудия Арабистонида Ҳаж амалларини бажариш учун «Ҳаж-2024» визаси талаб этилади.
Саудия Арабистони Подшоҳлиги томонидан белгиланган тартибга мувофиқ, чет эл фуқаролари учун Ҳаж ибодатини адо этишнинг асосий шарти Ҳаж визасига эга бўлиш ҳисобланади. Қолган барча турдаги визалар (умра, туризм, бизнес, зиёрат ва б.лар) билан Ҳаж тадбирини амалга ошириш Саудия қонунчилигига кўра қатъиян тақиқланган ва тегишли тартибда жазоланади.
Ўзбекистон учун ажратилган Ҳаж квотаси фақатгина Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан ташкил этиладиган Ҳаж сафарига отланган зиёратчиларга ажратилган.
Муборак сафарларга ноқонуний йўллар билан боришга интилиш 6 ой қамоқ жазоси, Саудия Арабистонидан депорт қилиш ва Саудия Арабистонига ҳар қандай виза билан 10 йил муддатга киришни тақиқлаш ҳамда 100 000 саудия риёли (26.000 АҚШ доллари) миқдорида жарима солишга олиб келади.
ЎзА