Табиат ресурслари вазирлиги Сирдарё вилоят бошқармаси, вилоят прокуратураси ва ички ишлар органлари ҳамкорлигида назорат рейд тадбири ўтказилди.
Тадбир давомида Сардоба сув омборидан фуқаролар С.Қ ва Ш.Э тақиқланган усуллар ва ов қуроллари билан 6 турдаги 388 дона балиқ овлагани аниқланди.
Ўзбекистон Республикасининг “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунининг 35, 53-моддалари талабини бузган ҳуқуқбузарларга маъмурий баённома расмийлаштирилиб, ҳайвонот дунёсига 105 миллион 870 минг сўм миқдорда зарар белгиланди.
Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 90-моддаси 4-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик содир этилганлиги сабабли ушбу ҳолат юзасидан қонунда белгиланган тартибда чора кўриш мақсадида прокуратурага тақдим этиш учун тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилмоқда.
Ҳуқуқбузарлардан ашёвий далил сифатида 2 дона резина қайиқ, 4 дона эшкак ва балиқ тутишга мўлжаланган 4 дона тўр олиб қўйилди.
ЎзА