Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳайвонларни юқумли касалликлардан ҳимоя қилиш борасида қилинаётган ишлар муҳокама қилинди
20:48 / 2024-09-13

Миллий матбуот марказида Давлат ветеринария хизмати томонидан ҳайвонларнинг юқумли касалликларини олдини олиш борасида амалга оширилган ишларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг “Ветеринария тўғрисида”ги қонунига кўра, республика ҳудудини ҳайвонларнинг ўта хавфли юқумли касалликлардан ҳимоя қилиш, республика ҳудудида ветеринария осойишталигини таъминлаш ва аҳоли истеъмоли учун сифатли чорвачилик маҳсулотларини етказиб бериш Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасининг асосий вазифаларидан ҳисобланади. 

Тадбирда қайд этилганидек, Бутунжаҳон ҳайвонлар соғлиги ташкилотининг маълумотига кўра, дунёнинг 60 та давлатларида ҳайвонларнинг ўта хавфли юқумли касалликлари бўйича носоғлом эпизоотик вазият юзага келган.

Хусусан, республикамизга қўшни Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Афғонистон давлатларида ҳайвонлар орасида куйдирги, қутуриш, бруцеллёз, парранда гриппи ва бошқа турдаги касалликлар қайд қилиб келинмоқда. 

Дунё мамлакатларида, қўшни республикаларда учраётган ҳайвонлар касалликларини республикамиз ҳудудига кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш мақсадида, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси томонидан Ветеринар осойишталикни таъминлаш юзасидан профилактик эмлаш тадбирларини ўтказишга 1 минг 200 та ишчи гуруҳ (отряд) тузилиб, унга 5 минг нафар раҳбар ва ходимлар бириктирилди ҳамда улар фаолятини мувофиқлаштирувчи штаблар ташкил этилди.

Ҳайвонлар касалликларига қарши ўтказиладиган профилактик тадбирлар “Маҳаллабай” ва “Хонадонбай” усул асосида амалга ошириш тизими яратилган.

Республикамизга қўшни давлатлардан касалликларнинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш борасида 38 млн бош чорва моллар 11 турдаги ҳамда 98 млн бош паррандалар 4 турдаги касалликларга қарши профилактик эмлаш тадбирлари ўтказилиши тизимли йўлга қўйилиб, ҳайвонлар сақланадиган жойлар доимий равишда профилактик дезинфекция ва дезинсекция тадбирлари олиб борилмоқда. 

Бунда биринчи навбатда, қўшни давлатлар билан, жумладан, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Афғонистон жами 6 минг 221 км узунликдаги буфер худудларига кирган 82 та туманларимиздаги 8,0 млн бошдан ортиқ чорва моллари ва 12 млн бошдан ортиқ паррандаларда юқумли касалликларга қарши доимий профилактик эмлаш тадбирлари ўтказилмоқда. 

Шунингдек, Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларидаги давлат ветеринария хизмати томонидан республикамизга кириб келган 1 млнга яқин автотранспорт воситалари ветеринария-санитария ишловидан ўтказилиб, зарарсизлантирилди. Натижада ҳозирги кунда республика ҳудудида ҳайвонларнинг ўта хавфли юқумли касалликлари бўйича эпизоотик барқарорлик таъминланиб келинмоқда. 

Озиқ-овқат маҳсулоти хавфсизлиги ва сифатини таъминлаш бўйича Республика ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги давлат маркази халқаро аккредитациядан ҳамда унинг тизимидаги Қашқадарё, Фарғона, Бухоро ва Хоразм вилоятидаги ветеринария лабораториялари миллий аккредитациядан ўтказилди. 

Ҳудудларда эпизоотик барқарорлик таъминлаш мақсадида 16,0 млн.та лаборатория диагностик таҳлиллари ўтказилди. 

Ҳудудий диагностика лабораторияларига кимёвий моддалар, дори воситалари ва оғир металл тузлари қолдиғини аниқлайдиган 6 та лаборатория ускунасини ўрнатиш, шунингдек, Андижон, Фарғона, Наманган, Тошкент, Қашқадарё, Хоразм ва Самарқанд вилоятларида ҳайвонлар озуқасини таҳлил қилувчи лаборатория ташкил этиш белгилаб олинган. 

Гулноза Бобоева, ЎзА