Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳайвонларга нисбатан шафқатсизлик йилдан-йилга ортиб бормоқда
15:19 / 2023-07-29

Бугунги кунда оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда тирик мавжудотларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш, уларни ваҳшиёна қийнаш ҳолатлари жамоатчиликнинг кескин муҳокамаларига сабаб бўлмоқда.

Маълумотларга кўра, ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликлар сони 2020 йилда 105 та, 2021 йилда 190 та, 2022 йилда 325 дан зиёдни ташкил этган. Бундан кўриниб турибдики, ҳайвонларга нисбатан шафқатсизлик йилдан-йилга ортиб бормоқда.  

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси томонидан “Ҳайвонларни шафқатсиз муносабатдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.  

Унда депутатлар ва мазкур соҳага тегишли вакиллар орамизда учраб турган, ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлаётган ҳолатлар юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.  

Қайд этилганидек, “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонун билан ёввойи ҳайвонлар мажмуини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги масалалар батафсил тартибга солинган.  

Шунингдек, янги таҳрирдаги Конституциямизда ҳам экологик масалаларга алоҳида эътибор қаратилиб, ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий ресурслар умуммиллий бойлик, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасида эканлиги белгилаб қўйилди.

Бироқ, жамиятда ҳайвонларга, шу жумладан уй ҳайвонлари ва қаровсиз ҳайвонларга шафқатсиз муносабатда бўлиш ҳолатлари учраб турибди. Уларни чиплаш, идентификация, вакцинация ва стерилизация қилишнинг замонавий тизими йўлга қўйилмаган.

Бугунги кунда мамлакатимизда 2,3 миллиондан зиёд ит ва 46 мингдан зиёд мушуклар мавжуд. Жойларда уй ҳайвонлари эгалари томонидан рад этилиши, мушук ва итларнинг назоратсиз кўпайиши натижасида қаровсиз ҳайвонлар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда.  

Маълумотларга кўра, аҳоли пунктларида ит ва мушук боқишнинг қоидаларини бузиш билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликлар сони 2021 йилда 10,5 мингтани ташкил этган бўлса, 2022 йилда бў кўрсаткич кескин ошиб 142,6 мингтага етган.

Шу билан бирга, ҳайвонлар томонидан инсонларга зарар етказиш, уларни тишлаш ҳолатлари ҳам ошиб бориб, 2021 йилда 44 минг, 2022 йилда эса 50 мингга яқин ҳолат қайд этилган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан ишлаб чиқилган “Ҳайвонларни шафқатсиз муносабатдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси билан соҳага оид ҳуқуқий муносабатларни тартибга солиш, уй ҳайвонларига нисбатан мулкдорларнинг жавобгарлигини аниқ белгилаш, тирик мавжудотларга нисбатан инсонпарварлик тамойилларини шакллантириш кўзда тутилган.

Шунингдек қонун лойиҳасида уй ҳайвонларини рўйхатга олиш, ҳисобини юритиш, чиплаш, қаровсиз ҳайвонларнинг ҳисобини юритиш ва сақлашга доир нормалар ўз аксини топган.

Иштирокчилар томонидан қонун лойиҳаси муҳим ва ўз вақтида ишлаб чиқилгани қайд этилиб, лойиҳага уй ҳайвонларини эмлаш ва стерилизация қилиш, айрим шахсларни ҳайвонларни сақлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш, ҳайвонларга бўлган муносабат соҳасида давлат ва жамоатчилик назоратини амалга оширишга доир қатор таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА