Куйдирги — ҳайвонлар ва одамлар учун умумий бўлган ўта хавфли юқумли касаллик. У дунё бўйлаб кенг тарқалган бўлиб, асосан чорвачилик ривожланган ҳудудларда кўпроқ учрайди. Касаллик табиий ўчоқли бўлиб, куйдиргига чалинган ҳайвонларни сўйиш, терисини шилиш, гўштини майдалаш, ташиш ёки ошқозон-ичаклари ҳамда калла-почаларини тозалаш жараёнлари билан боғлиқ ҳолда юқади.

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси Эпидемиология ва юқумли касалликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи ўринбосари Фарҳод Қурбонбеков касаллик ва унинг олдини олиш чора-тадбирларига тўхталиб ўтди:
– Касалликнинг энг кўп учрайдиган шакли — тери шакли бўлиб, у 98-99 фоиз ҳолатларда қайд этилади. Бу шаклда бемор ўз вақтида тиббий ёрдам олса, одатда асоратсиз тузалади. Бироқ куйдиргининг септик, ичак ва ўпка шакллари ҳам мавжуд бўлиб, улар жуда оғир кечади ва кўп ҳолларда ўлим билан якунланади.
Куйдиргининг “тери яраси” бошқа яралардан қуйидаги белгилари билан фарқ қилади: яра оғриқсиз бўлади (иккиламчи инфекция қўшилмаган бўлса); яра усти қора, кўмирга ўхшаш пўстлоқ билан қопланади; атрофида қизариш ва шиш пайдо бўлади; баъзи ҳолларда яқин лимфа тугунлари яллиғланиб, катталашади; яра атрофида пуфаксимон тошмалар пайдо бўлиши мумкин. Бу яралар кўпроқ қўл, оёқ, юз ва бўйин каби очиқ жойларда кузатилади.
Шу боис, баданда шубҳали яра пайдо бўлса, зудлик билан тиббиёт муассасасига мурожаат қилиш шарт. Айрим ҳолатларда одамлар яранинг устидаги қора пўстлоқни ўзи олиб ташлашга уринишади. Бу эса касалликнинг септик шаклга ўтишига ва оғир оқибатларга олиб келиши мумкин.
Куйдирги, аввало, ҳайвонлар касаллиги. Агар у ҳайвонлар орасида олди олинса, одамларда деярли қайд этилмайди. Ҳайвонлар орасида куйдирги касаллигини олдини олишнинг энг асосий профилактик тадбирлари чорва молларини ўз вақтида ҳисобга олиш ва уларни куйдиргига қарши тўлиқ емлашдир. Моллар касалланса, уларни ўзбошимчалик билан даволамасдан зудлик билан ветеринария ходимларига мурожаат қилиш лозим.
Шунингдек, куйдирги касаллигининг олдини олиш учун хонадонларда боқилаётган чорва молларини ҳудудий ветеринария ходимлари томонидан куйдирги касаллигига қарши ҳар йили бир марта албатта емлатиш зарур. Чорва молларини уй шароитида сўйиш тақиқланади. Уларни фақат қушхоналарда ва сўйиш майдончаларида, ветеринария ходими назорати остида сўйиш керак. Касалланган чорва молларининг нобуд бўлмаслиги учун уларни уй шароитида мажбурий сўйиш зарурияти юзага келганда, бу тадбир албатта, ветеринария врачи иштирокида амалга оширилиши зарур. Касаллик аломатлари кузатилгани сабабли сўйилган чорва молларининг гўшти, териси ва калла-почаларини қўни-қўшниларга тарқатиш ёки бозорларда сотишга фақат ветеринария ходимининг хулосаси асосида рухсат берилади. Ветеринария ходимлари чорва молларида куйдирги касаллигига гумон қилса ёки аниқласа, бундай ҳайвонларни сўйиш мумкин эмас, ўлган мол, қўй танаси куйдириш йўли билан йўқотилиши шарт. Маҳаллаларда мажбурий сўйилган ва кўча-куйларда сотилаётган чорва моллари гўшти хатарли бўлиши мумкин, шу сабабдан гўштни фақат дўконлардан ва бозорлардан харид қилиш тавсия этилади. Чунки, улар текширилган ва хавфсизлиги кафолатланган бўлади.
Агар касал ёки шубҳали молни сўйишда иштирок этган шахснинг 5-7 кун ичида қўлида ёки танасининг бошқа жойида яра пайдо бўлса, дарҳол шифохонага бориши шарт. Ўзбошимчалик билан даволаниш оғир асоратларга сабаб бўлиши мумкин.
Куйдиргининг олдини олиш ҳар бир инсондан тиббий маданият, санитария-гигиена қоидаларига риоя қилиш ва ўз саломатлигига масъулият билан ёндашишни талаб этади.
Уйларда қорамол боқишда молхоналарни тоза тутиш, гўнг ва бошқа чиқиндиларнинг йиғилиб қолиши оқибатида турли инфекцияларнинг пайдо бўлишига йўл қўймаслик ҳамда дезинфекция тадбирларини ўтказиш, ҳайвонларни йилига бир марта куйдирги касаллигига қарши профилактик емлатиш зарур.
М.Қосимова, ЎзА