Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хайрулло Ғаффоров: "Қўмита қонун ижодкорлиги йўналишида 6 та қонун лойиҳасига масъул бўлди"
14:44 / 2023-01-19

Айни кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг қўмиталари томондан брифинглар ташкил этилиб, уларнинг ўтган 2022 йилдаги фаолияти бўйича оммавий ахборот воситалари вакилларига ахборот берилмоқда.

Парламент қуйи палатасининг Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси томонидан ўтказилган брифингда Спикер ўринбосари, қўмита раиси Хайрулло Ғаффоров қўмитанинг 2022 йилдаги фаолияти бўйича қуйидагиларни қайд этди:  

— Ҳисобот даврида қўмита қонун ижодкорлиги йўналишида 6 та қонун лойиҳасига масъул бўлди. Уларнинг барчаси Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, Сенатга юборилди. Шулардан иккитаси қўмита аъзоларининг қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида ишлаб чиқилди. Шунингдек, қўмита аъзолари чиқиндилар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш, ноқонуний дарахт кесиш ёки кундаков қилиш орқали уларга шикаст етказиш билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, аҳолининг экологик маданиятини юксалтиришга қаратилган 5 та яхлит, 2 та қонунчиликка ўзгартириш киритишга доир қонун лойиҳалари устида иш олиб борди.  

Қўмита томонидан парламент назорати тадбирлари доирасида тегишли вазирлик ва идоралар томонидан «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини самарали амалга ошириш, маиший чиқиндилар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларида белгиланган устувор вазифаларни бажариш борасида амалга оширилаётган ишлар, шунингдек, ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлишнинг олдини олиш юзасидан ўрганишлар ва эшитувлар ўтказилди.  

Хусусан, ҳисобот даврида назорат-таҳлил фаолияти доирасида 24 та тадбир ўтказилди. Улардан 7 таси қонун ҳужжатларининг ижро этилиши ҳолатини ўрганишга, 14 таси давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг ахборотини эшитишга, 3 таси Қонунчилик палатасининг қарори ижро этилиши ҳолатини ўрганишга тааллуқлидир, — деди Х.Ғаффоров.  

Шунингдек, брифингда қонун ҳужжатларининг ижроси юзасидан жойларда ўрганишлар, қўмитанинг сайёр йиғилишлари ўтказилгани қайд этилди. «Обод маҳалла» ва «Обод қишлоқ» дастурлари доирасида аҳолини ичимлик сув таъминотини яхшилаш борасида олиб борилаётган чора-тадбирлар, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида дарахт ва бута кўчатларини экиш ва парваришлаш ишлари қўмитанинг доимий эътиборида бўлгани таъкидланди.  

Бундан ташқари, брифингда қўмитанинг келгуси режалари ҳақида ҳам ахборот берилиб, экологияга оид масалалар ҳамда соҳага оид қонун ҳужжатларини такомиллаштириш ва назорат-таҳлил тартибида ўрганишга устувор аҳамият қаратилиши қайд этилди.   

Муҳтарама Комилова, ЎзА