Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хайрулло Бозоровнинг тадбиркорлар қабули узлуксиз 10 соатдан ортиқ давом этди
08:01 / 2021-02-23

Фарғона шаҳридаги “Тадбиркорлар уйи”да Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоровнинг навбатдаги тадбиркорлик қабули бўлиб ўтди.

Эрталабдан бошланган қабул узлуксиз 10 соатдан зиёд давом этди ва 150 дан зиёд тадбиркорнинг мурожаати кўриб чиқилди. Вилоятда тадбиркорлар ва фуқароларнинг давлат ҳокимияти органларига ишончи тобора ортиб бораётгани, сўнгги ойларда вилоят ҳокими қабулига келаётганлар сонининг муттасил ўсаётганида намоён бўлмоқда. Шу билан бирга, шаҳар ва туман ҳокимлари ўз ҳудудларида тадбиркорлар масалалари ва мурожаатларига янада жиддий ёндашишлари лозимлигини кўрсатмоқда.

Қабулда иштирок этган тадбиркорлар вилоят раҳбарига банк кредити ва субсидия олишга кўмаклашиш, ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги учун ер майдони ва бўш турган бино-иншоотлар ажратиб бериш, ишлаб чиқариш корхоналарида газ ва электр таъминотини яхшилаш, давлат-хусусий шериклик асосидаги лойиҳаларни амалга ошириш, маҳсулот реалициясига ёрдамлашиш, шунингдек солиқ тўлаш бўйича енгилликлар тақдим этиш, кадастр ва эгалик ҳуқуқи билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш ва бошқа кўплаб масалаларда мурожаат қилдилар. Шунингдек, маҳаллий ҳокимиятлар ва идоралар томонидан жойларда тадбиркорлар фаолиятларига бўлаётган тўсиқлар билан боғлиқ масалалар кўтарилди.

Қабулда давомида тадбиркорлик лойиҳаларини амалга оширишда ёрдам сўраб мурожаат қилган ёшлар ҳам кўп бўлди. Олтиариқлик Равшанбек Шокиров шулардан бири. У "Янгиқўрғон" маҳалла фуқаролар йиғинидаги бўш турган бинода трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш ниятида. Шунингдек, мазкур бинони таъмирлаб, маҳалла йиғини учун ҳам жой бериш ва бошқа хизмат кўрсатиш шохобчаларини очиш, 40 та иш ўрни яратиш бўйича таклиф билдирди. Унинг лойиҳаси қўллаб-қувватланадиган бўлди.

Муаммоларнинг аксарияти қабул чоғида ҳал этилди. Ўрганиш талаб этиладиган масалалар бўйича вилоят ҳокимининг вакиллари тадбиркорлар билан бирга қабулдан тўғри жойларга чиқиб кетдилар. Ҳал этилиши муддат талаб этувчи мурожаатлар бўйича вилоят ҳокими тегишли мутасаддиларга кўрсатма ва топшириқлар берди.

М. Сулаймонов, ЎзА