Халқаро туркий маданият ташкилоти – ТУРКСОЙ ва Фарғона вилояти ўртасида ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланиб бормоқда.
Туркий давлатлар халқлари ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликни кучайтириш мақсадида иқтисодий, маданий, маърифий ва бошқа жабҳаларда турли тадбирлар ташкил этилмоқда. Жорий йилнинг 11-15 июль кунлари Қўқон шаҳрида “Туркий тилли ёшлар” халқаро фестивали бўлиб ўтди.

Айни кунларда Қўқон шаҳрида бўлиб ўтаётган иккинчи Халқаро ҳунармандчилик фестивали доирасида вилоятда “Туркий дунё опера кунлари” ҳамда “Туркий дунё мода ҳафталиги” ташкил этилди. Мазкур тадбирларда Халқаро Туркий маданият ташкилоти бош котиби Султанбай Раев иштирок этаётир.
Вилоят ҳокимлигида бўлиб ўтган учрашувда туркий давлатлар ўртасида санъат ва маданият соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қўшаётган ҳиссаси учун вилоят ҳокими Хайрулло Бозоровга Халқаро Туркий маданият ташкилоти – ТУРКСОЙнинг медали топширилди.
М.Сулаймонов, ЎзА