French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хайрулло Бозоров: “Яшил малика” таърифини тиклаш учун Фарғона шаҳрини яшилликка буркашимиз лозим”
18:10 / 2022-02-15

Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров ҳудудда экологик вазият ва ҳаво тозалигини яхшилаш мақсадида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш юзасидан вилоят аҳлига мурожаат қилди.

– Ерга қадалган кўчатлар кун келиб катта дарахтга айланади, мева беради,  – дейилади вилоят раҳбари мурожаатида. – Унинг мевасидан одамлар, жонзотлар роҳат олса, қуёшда тобланган ям-яшил баргларидан бутун табиатимиз, атмосфера тозаланади, атроф-муҳит покланади, чуқур илдиз отган томиридан эса тупроқ мустаҳкамланади, намлиги сақланади. Ёғоч сифатида фойдаланиладиган дарахт турлари эса ҳаётий эҳтиёжларимиз учун хизмат қилади, иморатларимизга устун бўлади. Бу ўзаро боғлиқ жиҳатлар табиат қонуни сифатида бор ҳолича табиатга ва инсониятга хизмат қилади. Шунинг учун ҳам халқимизда «Бирни кессанг, ўнни эк», деган мақол бежиз айтилмаган. Зеро, ҳар бир ниҳолнинг, биргина яшилликнинг атрофимизга, ва албатта, биз инсониятга фойдаси катта.

 Шу ўринда таъкидлаб ўтмоқчиманки, кўчат экиш нафақат об-ҳавони тозалашга, экологик муҳитни яхшилашга, балки халқимиз учун ҳам жуда катта даромад манбаи ҳисобланади.  

Мисол қилиб айтадиган бўлсак, вилоятимизнинг Қува, Олтиариқ туманлари аҳоли хонадонларида мевали-манзарали дарахт, бута ва гул кўчатларини экиш тажрибасини бошқа ҳудудларимизга ҳам кенг тарғиб қилиш лозим бўлади. Биргина Қува тумани аҳоли хонадонларида бугунги кунда 40 миллион донадан ортиқ турли кўчатларнинг захираси мавжуд. «Қорақум» маҳалла фуқаролар йиғинида 1 минг 3 та хонадон бўлиб, 271 гектар томорқа ерлари бор. Ҳар бир хонадон эгалари кўчатчилик билан шуғулланиб, томорқасидан ўртача 75-80 миллион сўм миқдорида даромад олмоқда. Шу ўринда Фарғона шаҳрида истиқомат қилувчи барча аҳолига, ташкилот ва корхоналаримизга алоҳида мурожаат йўлламоқчиман.  

Фарғона шаҳри азим чинорлари билан дунёга машҳур бўлган. Саноқли шаҳарларга берилган «Уйқудаги гўзал» ёки «Яшил малика» дея таърифга эга. Шаҳримизни азим чинорлар ва бошқа дарахтлар безаб, ҳаттоки қуёшнинг нури ҳам ерга тушмайдиган даражада бўлган. Афсуски, достонларда битилган «Уйқудаги малика» шаҳар мақомига бугунги Фарғона шаҳримизнинг кўриниши жавоб бермайди. Биз яна ўша гўзал мақомни тиклаш учун шаҳарни яшилликка буркашимиз лозим. Ҳар бир қарич ерини бўш қолдирмасдан манзарали дарахтлар экишга барчангизни чақириб қоламан.  

Маълумот ўрнида. Фарғона вилояти «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида 2021 йил куз мавсумида 6,8 миллион дона манзарали ва мевали кўчатлар ҳамда вилоят ҳокимлиги ташаббус билан 6,5 миллион дона тут кўчатлари экилди. Жорий йил баҳор мавсумида эса 9,6 миллион дона дарахт ва буталар кўчатларини экиш кўзда тутилган. Шу билан бирга, вилоят ҳудудида 40 та маҳаллаларда 135,8 гектарда ташкил этиладиган «Яшил майдон»ларда 310 минг туп, Фарғона шаҳрида ташкил этилаётган «Янги Ўзбекистон» боғи, Фарғона ва Ёзёвон туманларида ташкил этиладиган «Янги Ўзбекистон» массивларида 60 мингдан ортиқ кўчатларни экиш акциялари бошланди.  

М.Сулаймонов,  ЎзА