English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хайрулло Бозоров: “Уч авлод учрашуви” Шодиёна маҳалласидан бошлангани бежиз эмас
19:36 / 2021-08-04

Фарғона шаҳрининг Шодиёна маҳалласи вилоятнинг шаҳар ва туманларидан келган нуроний отахон ва онахонлар, меҳнат фахрийлари ва ёшларнинг уч авлод учрашувига мезбонлик қилди. Самимий мулоқотларда тинч ва хотиржам ҳаётимиз, фаровон кунларимизга шукроналик тилга олинди.

Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров тадбирда сўзга чиқиб, барчани яқинлашиб келаётган Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги байрами билан табриклади.

- Тарих учун ўттиз йил қисқа давр, аммо инсон учун катта вақт,-дейди вилоят раҳбари. - Бу йиллар давомида машаққатли, шижоатли ва оғир йўллар босиб ўтилди ва яна бу жараён давом этмоқда. Айниқса, Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида охирги беш йилликда ислоҳотлар шиддат билан авж олди. Иқтисодиётни эркинлаштиришда салмоқли натижаларга эришилди, очиқлик сиёсатига дадил қадам ташланди. Ўзбекистон дунёга қайта бағрини очди. Бугун қўшниларимиз, ривожланган давлатлар билан яқин дўстмиз. Оддий бир мисол. Мана шу Шодиёна маҳалласи кеча қандай эдию, бугун қандай бўлди. Ўзгаришларни, ислоҳотларни мана шу маҳалла мисолида билсак ҳам бўлади. Шу боис ҳам учрашувни айнан бу маҳалладан бошладик.

Дарҳақиқат, айни кунларда вилоят марказидаги “Шодиёна” маҳалла фуқаролар йиғини ободлик ва фаровонлик масканига айланди. Президентимизнинг жорий йил вилоятга ташрифи чоғида кутилмаганда бу ерга ташрифи ва аҳоли билан мулоқоти ҳақиқий ҳолатни очиб берди. Ҳудудда кўплаб ечимини кутаётган муаммолар бор эди. Давлатимиз раҳбарининг топшириғи асосида маҳаллада улкан бунёдкорлик ишлари бошлаб юборилди. Орадан олти ой вақт ўтмоқда. Айни кунларда маҳалладаги қурилиш-таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари якунига етмоқда. Бугун бу ерга келган киши обод ва тароватли масканга гувоҳ бўлади.

[gallery-3290]

“Шодиёна” маҳалла фуқаролар йиғинининг биноси хароба аҳволда эди. Қисқа вақт ичида бош режаси ишлаб чиқилиб, 1 қаватли маҳалла гузари ҳамда 2 қаватли маҳалла биноси маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан қуриб битказилди. Маҳалла тизими ходимлари фаолият олиб боришлари учун барча шароитлар яратилди, зарур жиҳозлар билан таъминланди. Ҳудудда иш билан банд бўлмаган ёшлар ва ҳунармандларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. “Ёшлар меҳнат гузари” бунёд этилди. Маиший хизмат кўрсатиш ҳамда нон ишлаб чиқариш цехлари бузилиб, ўрнига замонавий лойиҳа асосида янгитдан қурилиш ишлари якунланди. Хусусан, “Ziyo nashr” масъулияти чекланган жамияти томонидан китоб савдо мажмуаси ва тикувчилик цехи ишга туширилди. Айни кунларда бу ерда 50 нафар “Ёшлар дафтари”, “Аёллар дафтари”га кирганлар муқим иш ўрни билан таъминланди.

Маҳалладаги 16 та кўп қаватли уйларни мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилиб, болалар майдончаси ўрнатилди. С.Темур кўчасида жойлашган кўп қаватли турар жойлар ҳудудида “Аллея” майдони ташкил этилиб, манзарали дарахт ва гуллар экилди. Кўп қаватли турар жойларда яшовчи аҳолининг бўш вақтларини мароқли ўтказиш учун барча шароитлар яратилди. Электр-энергия, табиий газ ва ичимлик суви тармоғи янгиланди. 5,6 километр ички йўлларда мукаммал таъмирлаш ва қуриш ишлари бажарилди, 2,8 километр ирригация тизимлари ҳамда 3,1 километр пиёдалар йўлаги реконструкция қилинди. Маҳаллада мавжуд ички ва йўл бўйидаги кўчаларда жойлашган турар жойларнинг меъморий қиёфасини яхшилаш мақсадида намунали лойиҳа асосида таъмирлаш ишлари ташкил этилди.

Маҳалла фуқаролар йиғинидаги “Фарғона механика заводи” кичик саноат зонасида умумий қиймати 870,8 миллиард сўмлик 29 та инвестиция лойиҳалари жойлаштирилган. Ҳозирга қадар 17 та лойиҳалар ишга туширилган бўлиб, 1 минг 485 та янги иш ўринлари яратилди.

Мазкур маҳаллада истиқомат қилувчи қай бир юртдошимиз билан суҳбатлашманг Президентимизнинг қадами етган бу маскан юртимизнинг энг гўзал ва фаровон маҳалласига айланганини, барча муаммолар ечим топганини мамнуният билан таъкидлашмоқда. “Шодиёна”нинг шодиёна кунлари энг улуғ, энг азиз байрам-мустақиллигимизнинг 30 йиллиги тантаналарига уланмоқда.

Уч авлод учрашуви иштирокчилари “Шодиёна” маҳалла фуқаролар йиғинида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари билан танишди. Бир пиёла чой устида давом этган  тадбирда санъаткорларнинг қўшиқлари завқу шавқ улашди.

М. Сулаймонов, М. Қодиров (сурат), ЎзА