Ижтимоий тармоқларда баъзи ҳолатларнинг бўрттириб кўрсатилаётгани мени ҳайрон қолдиради. Мактабларни бир кўринг.
Бугунги кунда биз фарзандларимизни ишламайдиган, дангаса қилиб тарбиялаяпмиз. Уларга оддий бир юмушни ҳам ўргатиб бўлмай қолди.
Дарров «мажбурий меҳнат» дея бонг урилади. Япониядек ривожланган давлатнинг мактабларида фаррош деган штат йўқ. Ёшларни билимга, меҳнатга, касб-ҳунарга, каттани ҳурмат қилишга таълим масканидан бошлаб, ўргатишимиз керак. Бу ҳақида Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров халққа қилган мурожаатида умумтаълим мактабларидаги таълим-тарбия масалалари ҳақидаги йўналишда айтиб ўтди.
Мен доимо айтаман, оммавий ахборот воситалари учун эшиклар доимо очиқ. Матбуотда, телевидениеда, ижтимоий тармоқларда ўртага ташланган ҳар бир танқидий чиқишни шахсан ўзим кузатиб бораман. Агар танқид холислик, ҳаққонийлик ва бетарафликка асосланган бўлса, энг қисқа муддатларда ечими таъминланиб келмоқда. Ишонаманки, бундан кейин ҳам холисликка таянган, халқ манфаатини кўзлаган ҳолда самарали жамоатчилик назоратини давом эттирасизлар.

Яна бир масала – барча оммавий ахборот воситаларини, блогерларни очиқ эшиклар тамойили асосида ҳамкорликка чақирамиз. Хато ва камчиликлар, танқидлар тўғри бўлса тан оламиз. Танқиднинг меваси ширин, деган ибора бор халқимизда. Ўринли, асосли танқидни ҳурмат қилиш, ёқмаса ҳам қабул қилиш керак. Аслида танқиддан эмас, мақтовдан қочган ютади. Танқид қасддан қилинмаса, доимо уни тўғри қабул қиламиз.
Биз бундан кейин ҳам фуқароларимизнинг оғирини енгил қилиш, вилоятимизда аҳоли турмуш даражасини юксалтириш, жамиятда адолат тамойилини мустаҳкамлаш, шунингдек, вилоят аҳли билан узвий мулоқотни янги босқичга олиб чиқишда оммавий ахборот воситалари ва блогерларга суянамиз, ҳамкорликни янада кучайтирамиз.
М. Сулаймонов,
М. Қодиров олган (сурат), ЎзА