Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хайрулло Бозоров: «Тадбиркорлар битта имзони ойлаб кутадиган замонлар ўтди»
15:27 / 2021-04-16

Бугунги пандемия даврида тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, иқтисодиётни нафақат инқироздан сақлаб қолиш, балки уни ўстириш асосий вазифа сифатида белгиланган.

Тадбиркорларга кўмакдош бўлиш масъулиятини елкасига олган раҳбарлар жуда кам. Баъзилар хат ёзиб қўйса бўлди, тадбиркорнинг дардини эшитмайди. Афсуски, ҳали дунёқараши ўзгармаётган раҳбарлар бор. Тадбиркорлар битта имзо учун ойлаб кутади. Энди бунга йўл йўқ. Барча даражадаги раҳбарлар тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди, унинг муаммосини ҳал этади.

Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Халқ депутатлари вилоят кенгашининг навбатдаги сессиясида тадбиркорликни ривожлантириш, қўшимча иш ўринларини яратиш ва бюджетга тушумларни кўпайтириш бўйича биринчи ярим йилликда амалга ошириладиган ишлар бўйича маҳаллий кенгаш депутатларига йўллаган мурожаатида шулар ҳақида сўз борди.

Барчамизга маълумки, барқарор иқтисодиётга эга бўлган давлатлар ҳам коронавирусдан катта зарар кўраётган бир даврда иқтисодиётимизни барқарор ривожлантиришда асосий вазифа ва масъулият тадбиркорлар зиммасига тушмоқда. Мамлакатимизда инқирозга қарши курашиш бўйича ўз вақтида қабул қилинган фармон ва қарорлар пандемия даврида аҳолини кучли ижтимоий ҳимоясини таъминлаш билан бирга тадбиркорликни ривожлантириш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этди.

Хусусан, ўтган йилнинг ўзида вилоятдаги тадбиркорларга 549,6 миллиард сўм солиқ имтиёзлари берилганлиги, 7,2 мингта тадбиркорнинг 1,3 триллион сўм кредит қарздорлиги 6 ойга узайтирилганлиги тадбиркорларга катта далда бўлди. Шунингдек, карантин даврида тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш борасида 3,6 мингта субъектга хомашё ва айланма маблағлар учун 940,2 миллиард сўм кредит маблағлари ажратилди. Бунинг натижасида, пандемия даврида вилоятдаги 51 та йирик корхона фаолияти барқарор сақлаб қолинди, фаолиятини тўхтатган 1 минг 720 та саноат корхонаси ҳамда 3173 та кичик бизнес субъекти фаолиятини қайта тиклашга эришилди.

Вилоятда тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда уларнинг фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида вилоят марказида ва ҳар бир туман, шаҳарларда «Тадбиркорлар уйлари» ташкил этилди. Уларда тадбиркорлик субъектларига лойиҳадан тортиб, ер, бино, кредит ажратиш, муҳандислик тармоқларига уланиш, рўйхатдан ўтиш каби масалаларни тизимли ҳал этиш механизми йўлга қўйилди. Бугунги кунда икки мингдан ортиқ тадбиркордан мурожаатлар тушган бўлиб, муаммолари амалий ҳал этиляпти.

[gallery-2059]

Мурожаатда қайд этиб ўтилганидек, вилоятда тадбиркорлик субъектлари сонини икки бараварга ошириш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Бугунги кунда 45 минг 314 та тадбиркорлик субъекти фаолият кўрсатмоқда. Шундан, 38 минг 853 таси ёки 85,7 фоизи кичик бизнес субъектидир.

Тадбиркорлик субъектлари сонини ошириш бўйича жорий йилда 8,5 мингта субъект ташкил этиш режалаштирилган. Биринчи чоракда 2 минг 113 та янги тадбиркорлик субъекти ташкил қилинган бўлса иккинчи чоракда 2 минг 586 та субъект иш бошлайди

Тадбиркорларга қулай шароит яратиш мақсадида 47 та кичик саноат зонасида 3 триллион сўмлик 820 та лойиҳани амалга ошириш белгиланган. Бу минглаб янги иш ўрни яратилишига хизмат қилади.

Учкўприк туманида енгил саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва логистика марказини ташкил этиш учун 15 гектар ер майдони ажратилди. Марказнинг ташкил этилиши ҳисобига Учкўприк туманидаги Бобошбек, Бекмурод, Зиғир, Палохон ва Яккамулло маҳаллалари хонадонларида енгил саноат маҳсулотлари ишлаб чиқараётган 600 га яқин хонадон учун замонавий саноат зонаси ва бозори ташкил этилмоқда.

Вилоятда 2021 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш ва янги иш ўринларини яратиш борасида амалга ошириладиган энг асосий устувор йўналишлар белгилаб олинган. Хусусан, янги иш ўринларини ташкил этиш давлат буюртмасига асосан жорий йилда 39,6 мингта доимий янги иш ўринлари яратилиши бўйича 5 та йўналишда манзилли чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди.

Вилоят ҳокими ўз мурожаатида Президентимиз томонидан селектор йиғилишида берилган топшириқ ва танқидлардан хулоса чиқарган ҳолда тадбиркорликка кўмак берувчи масъул идоралар, сектор раҳбарлари тадбиркорларга доимо кўмакчи эканлигини, бу борадаги мақсад ҳамда режалар ўз вақтида амалга оширилишини таъкидлади.

  

М. Сулаймонов, М. Қодиров(сурат), ЎзА