Фарғона вилоятида янги «ўсиш нуқта»ларини шакллантириш, «маҳаллабай» ишлаш, ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда. Ҳар бир маҳалла, ҳар бир оила, ҳар бир фуқаро ҳаётидаги муаммоларни ўрганиш ва ҳал этиш, аҳоли бандлиги ва даромадини ошириш бўйича, «маҳаллабай» ва «фуқаробай» ишлашнинг янги тизими жорий этилиб, 1 минг 52 та маҳаллага иқтисодий комплекснинг раҳбар-ходимлари бириктириб чиқилди. Бу ҳақида вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров халқ депутатлари вилоят кенгашининг сессиясида маълум қилди.
Улар томонидан ҳар бир маҳаллани ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилган «йўл хариталари»га киритилган 115 мингга яқин муаммо ва таклифларнинг бугунги кунга қадар қарийб 80 фоизи ижобий ҳал этилди. Вилоят, шаҳар ва туманларда ташкил этилган «Тадбиркорлар уйлари»да ҳар ҳафтанинг душанба куни тадбиркорлар қабулини ўтказиш йўлга қўйилди. Ўтган вақт мобайнида, тадбиркорларни қийнаб келаётган 5 минг 800 та мурожаатлар ва муаммоли масалалар кўриб чиқилиб, уларнинг 3 минг 900 таси ёки 67 фоизи ижобий ҳал этилди. Жумладан, 1600 дан зиёд тадбиркорнинг кредит ажратиш, 700 га яқин тадбиркорнинг бўш турган бинолар ва ер майдонлари ажратиш бўйича мурожаатлари қабул натижасида ижобий ечим топди.
Кичик бизнес субъектлари сонини 2 бараварга ошириш борасида амалга оширилган ишлар натижасида ўтган даврда вилоятда 8 минг 542 та янги кичик бизнес субъектлари ташкил қилиниб, уларнинг умумий сони 41 минг 672 тага етди. Янги ташкил этилган субъектларда 21,6 мингта иш ўринлари яратилди.
Ҳисобот даврида 81 та янги хорижий сармоя иштирокидаги қўшма корхоналар ўз фаолиятини бошлади. Инвестиция дастури асосида январь-ноябрь ойларида 3,2 триллион сўмлик 889 та лойиҳалар фойдаланишга қабул қилинди. Вилоятда 2021 йилнинг январь-ноябрь ойларида 429,5 миллион доллар миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар ўзлаштирилди.
М. Сулаймонов,
М. Қодиров олган (сурат), ЎзА