Дунёнинг таниқли давлат раҳбарларидан бири “Шундай замонга келдикки, сиёсатни президентлар эмас, ОАВлар белгилаяпти” деган эди. Тўғри, бу рамзий маънодаги баҳо. Аммо унда ҳақиқат улуши ҳам оз эмас. Глобал сиёсатни ахборот оқими ўз йўлига солган мисоллар талайгина.
Ўзбекистон бундан бир неча йил аввал ташқи сиёсатда очиқлик ва сўз эркинлиги каби икки муҳим йўлни ёқлаб чиқди. Шундан буён ОАВлар, журналистлардаги “ички цензура ёрилди”. Мамлакатда Янги Ўзбекистоннинг янги матбуоти юзага келди.
Бугун Фарғонанинг энг гўзал гўшаларидан бирида вилоят ҳокимлиги ташаббуси ва ташкилотчилигида Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ҳодимлари куни катта тантана қилинди. У икки жиҳати билан ёдда қолди. Биринчидан, бугун байрамга умрини шу касбга бағишлаган ўнлаб фахрийлар таклиф этилди. Вилоят ҳокими аввало уларни муносиб тақдирлаб, совғалар тақдим этди. Эзгу тилакларни билдирди, узоқ умр тилади. Бу ҳолатни на матн, на тасвирда акс эттира оламиз, бунинг учун унинг гувоҳи бўлиш керак. Матбуотда 40-50 йил хизмат қилган баъзида унутилган устозлар кўзларида қувонч ёшлари билан давлат, вилоят раҳбарининг эътиборидан миннатдорликларини изҳор этдилар.
– Биз “Водилдан гапирамиз” радиосида ишлаганда 9 килолик репортёрни кўтариб далама-дала, қишлоқма-қишлоқ юрар эдик, - деди меҳнат фахрийси Кимёхон Бадалова. – Бугунги тантанада барча устозларимни, жумладан, мени радиога ишга олган Дониёр Эргашевни кўрдим. Вилоят ҳокимлигига, Журналистлар уюшмасига бундай байрам учун катта раҳмат.
– Авваллари байрамларимиз бундай шукуҳ билан ўтказилмаган эди. Бу йил меҳнат фахрийларига алоҳида иззат кўрсатилди. Биз бундан чексиз хурсандмиз, - деди “Меҳнат шухрати” ордени соҳиби, меҳнат фахрийси Олимжон Ҳакимов.
– Келгуси йилда Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни Фарғонада янги қурилган “Матбуот уйи”нинг очилишини нишонлаймиз, - деди вилоят ҳокими Ҳайрулло Бозоров.
Бу барча учун кутилмаган аммо қувончли хабар эди.
Байрам доирасида энг фаол журналистлар ёш қаламкаш ва устозлар Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими мукофотлари билан тақдирланишди.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/M-9zefvRgc0" title="Ҳайрулло Бозаров: Келаси йил байрамни янги “Матбуот уйи”да нишонлаймиз." frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>
Байрам байрамдек ўтди. Ўйин-кулгу узоқ давом этди.
Муҳаммаджон Обидов,
Элёр Олимов (видео), ЎзА