Фарғона вилоятидаги таълим масканларида ҳам янги ўқув йили катта шодиёналар билан бошланиб, илк дарслар мустақиллигимизнинг ўттиз йиллигига бағишланди.
“Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик” шиори остидаги тадбирлар, биринчи қўнғироқ жаранги билимга чанқоқ минглаб ўғил-қизларга бир олам қувонч улашди.
Фарғона шаҳридаги 2-умумий ўрта таълим мактабида бўлиб ўтган “Билимлар куни” тадбирида вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров иштирок этиб, барчани мустақиллик байрами ва янги ўқув йили билан қутлади.
– Таълимдаги бемисл ислоҳотларни барчамиз яққол кўриб турибмиз, – дейди вилоят раҳбари. – “Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан, таълим-тарбия тизимидан бошланади” деган эзгу тамойил асосида кўплаб саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Чунки мактаб табаррук маскан, илк қадамини қўйган фарзандларимиз бу ерда дунёни англайди, ватанни севишни, хат-саводни ўрганади. Эзгу ниятлар, мақсадлар айнан шу даргоҳда туғилади. Фарғона шаҳридаги мазкур 2-сон айрим фанларга ихтисослаштирилган мактабининг ҳам 172 нафар битирувчиларидан 138 нафари олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиниб, ўтган йилга нисбатан 11 фоизга ортганлиги фидойи устоз-мураббийларнинг меҳнатлари самарасидир.
Мамлакатимизда халқ таълими тизими ривожида янги босқичга ўтиш жараёни кечмоқда. Таълим-тарбия сифатига муҳим эътибор қаратилаётган бўлиб, жамиятда ўқитувчиларнинг нуфузи ошди. Жорий ўқув йилида Фарғона вилоятида 62 минг 839 нафар ўқувчилар 1-синфга қабул қилиниб, уларнинг барчасига “Президент совғаси” ҳамда дарсликлар етказиб берилди.
2021 йилги Инвестиция дастури, “Обод қишлоқ ва Обод маҳалла” дастури ҳамда Президентимизнинг Фарғона вилоятига ташриф баёнига асосан 75 та умумтаълим мактабларида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Вилоятда нодавлат таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш юзасидан бир қанча ижобий ишлар амалга оширилиб, сўнгги йилларда 30 та нодавлат таълим муассасаси ташкил этилди. Жорий йил олий ўқув юртларига кириш имтиҳонлари натижаларига кўра, республика миқёсида 179 минг 352 нафар ўғил-қиз талабаликка қабул қилинган бўлса, бунинг 10 фоизи, яъни 17 минг 698 нафари фарғоналик ёшлардир. 2019-2020 ўқув йилида умумтаълим мактабларининг 7 минг 720 нафар (16,2 %) битирувчилари олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинган бўлса, жорий йилда 12 минг 324 нафар (26 %) битирувчилар олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинди. Ўртача баллар бўйича умумий рейтингида 73,3 балл тўплаб, вилоят республика миқёсида 2-ўринни эгаллади. Биргина Ўзбекистон туманидаги 65-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби битирувчиларининг 31 нафаридан 30 нафари (15 та грант, 15 та контракт), Олтиариқ туманидаги 1-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби битирувчиларининг 31 нафаридан 29 нафари (15 та грант, 14 та контракт) талаба бўлиш бахтига муяссар бўлди. Ўтган йили муддатидан олдин хорижий олий таълим муассасаларига кирган ўқувчилар сони 217 нафарни ташкил этган бўлса, бу йил 709 нафар ўғил-қизлар шундай муваффақиятга эришди.
Тадбирда фаол ўқитувчи ва ўқувчиларга китоблар совға қилинди ҳамда байрам дастури намойиш этилди.
[gallery-3770]
М. Сулаймонов,
М. Қодиров (сурат), ЎзА