Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров “Ёшлар форуми” доирасида бир гуруҳ турли соҳаларда ютуқларга эришган фаол ёшлар билан учрашди.
Мамлакатимизда янги Ўзбекистонни барпо этишдек улуғ мақсадга эришиш йўлида ёшларга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, уларга барча соҳада ўз иқтидори ва салоҳиятини намоён этиши учун зарур шароитлар яратиб бериш сўнгги йилларда давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Ўтган даврда ёшлар билан ишлаш бўйича мутлақо янги – вертикал бошқарув тизими яратилди.
Юртимиздаги барча маҳаллаларда ёшлар етакчиси лавозими жорий этилди. Бу вазифага ташкилотчилик қобилиятига эга, ташаббускор йигит-қизлар танлаб олинди. Бугунги кунда навқирон авлодга таълим, тарбия, спорт, маданият ва санъат соҳаларида барча имконият ва шароитлар яратилмоқда.
Президентимиз ташаббуси билан ҳар бир ёш билан индивидуал ишлаш, уларнинг дарди, ташвиши, қийнаб келаётган муаммоларини эшитиб, ҳал қилиш чоралари кўрилмоқда. “Ёшлар баланси” асосида 26 мингдан зиёд ёшлар вилоят ва туман-шаҳар даражасидаги раҳбарларга бириктирилди. Жорий йилда вилоят бўйича 37 минг 391 нафар ёшлар “Ёшлар дафтари”га киритилиб, 31 минг 361 нафарига манзилли ёрдам кўрсатилди. Ишсиз ёшлардан 37 минг 831 нафарининг бандлиги таъминланди. Ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида ўтказилаётган “Беш ташаббус олимпиадаси”нинг жорий йил босқичида 318 минг 466 нафар ёшлар қамраб олинди. Мазкур мусобақаларнинг республика босқичида ғолиб ва совриндор бўлган 13 та маҳаллада спорт майдончалари қурилишига эришилди.
Ҳозирги кунда вилоятда “Ибрат фарзандлари” лойиҳаси доирасида 29 мингдан ортиқ ёшлар Youtube платформаси орқали 20 га яқин хорижий тилларни бепул ўрганмоқда.
[gallery-15132]
Биргина спорт соҳасига тўхталсак, Олимпия спорт турлари бўйича жорий йилда спортчилар Ўзбекистон миллий терма жамоаси таркибида 763 нафарни ташкил этиб, ундан 427 нафари асосий таркибга, 336 нафари захира таркибга киритилган. Йил давомида ўтказилган Ўзбекистон чемпионати, кубок мусобақалари, Осиё ва Жаҳон чемпионати ва кубокларида вилоят спортчилари иштирок этиб, фахрли ўринларни қўлга киритди. Хусусан, 1 минг 40 та олтин, 1 минг 166 та кумуш ҳамда 1 минг 746 та бронза қўлга киритилди. Ёшлар нуфузли халқаро спорт мусобақаларида 379 та медалга сазовор бўлиб, давлатимиз байроғини баланд кўтарди. 2023 йилда вилоят спортчиларини барча мусобақаларда иштирок этишлари учун маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан умумий 7 миллиард сўмга яқин маблағ ажратилди.
Осиё ва Параосиё ўйинларида юқори натижаларни қўлга киритган Моҳигул Ҳамдамова, Ёрқинбек Одилов, Дилафрўз Аҳмадхонова, Азибек Абдулҳабибов 2024 йилда Париж шаҳрида бўлиб ўтадиган Паралимпия ўйинларида иштирок этиш учун йўлланмани қўлга киритди. Бундан ташқари, Марғилон фарзанди Зиёдахон Абдусатторова спортнинг камондан отиш тури бўйича Таиланднинг Бангкок шаҳрида жорий йилнинг 3-11 ноябрь кунлари бўлиб ўтган Осиё чемпионатида иштирок этиб, биринчи ўринни эгаллади ҳамда Париж-2024 ёзги олимпия ўйинлари йўлланмасини қўлга киритди. Ушбу натижа билан камондан отиш тури бўйича Ўзбекистон тарихида илк бор Олимпиада йўлланмасига сазовор бўлди.
Фарғона шаҳридаги Ислом Каримов номидаги Театр-концерт саройида бўлиб ўтган “Ҳоким ва ёшлар” учрашувида вилоят раҳбари ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, салоҳият ва иқтидорини ривожлантириш ва рўёбга чиқариш учун имконият, шароитлар яратиш барча учун доимо биринчи галдаги вазифа эканлигини таъкидлади. Фарғоналик ёшлар эришаётган ютуқларни эътироф этиб, билим ва маърифат инсоннинг улкан мақсадларга эришишида муҳим омил бўлишига эътибор қаратди.
Учрашувда спорт, маданият ва бошқа соҳаларда ютуқларга эришган бир гуруҳ ёшларга вилоят ҳокимининг ташаккурномаси ва совғалари топширилди. Бокс бўйича жаҳон чемпионати совриндорлари Навбаҳор Ҳамидова, Лазиз Муллажонов, жаҳон чемпиони Асадхўжа Муйдинхўжаевларга янги уй калитлари топширилди.
Вилоят санъаткорларининг байрам дастури ёшларга ўзгача завқ улашди.
М.Сулаймонов, М.Қодиров (сурат), ЎзА