Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хайрулла Бозоров: “Қайси оилада ёши улуғлар бўлса шу оилада барака бўлади”
10:57 / 2022-08-12

Фарғонада мустақиллигимизнинг 31 йиллиги тантаналари олдидан “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” шиори остида нуронийларни эъзозлаш тадбири бўлиб ўтди.

Кексалар – хонадонларимиз файзи, бизнинг таянч тоғимиз. Уларга ҳурмат, эҳтиром кўрсатиш, эъзозлаш халқимизга хос азалий қадриятлардан. Зеро, кексалари қадрланган юртдан аҳиллик, файзу барака, фаровонлик аримаслиги – асрлар синовидан ўтган ҳақиқат. Бугунги кунларда ёши улуғларни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий ҳимоя қилиш борасида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Фарғона шаҳрида ташкил этилган тадбирда уларнинг фидокорона меҳнати, бой ҳаётий тажрибаси алоҳида эътироф этилди.

Вилоят ҳокими Хайрулла Бозоров, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазири ўринбосари, Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси бошқаруви раиси Содиқжон Турдиев нуронийларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг турмуш даражасини ошириш Президентимиз раҳбарлигида бошланган ислоҳотларнинг илк куниданоқ устуворлик касб этиб келаётганини қайд этиб, жамиятимизда кекса авлодга, нуронийларимизга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, уларни қадрлаш қадимдан мерос қадрият эканини таъкидлади.

– Халқимизда “Қариси бор уйнинг париси бор”, деган нақл бекорга айтилмаган, – деди вилоят раҳбари. – Қайси оилада ёши улуғлар бўлса шу оилада барака бўлади. Шу оилада таълим-тарбия, маънавият бор. Менинг яхши кўрган яна бир мақолим бор, ҳозирги замонда ушбу мақол яна долзарб: “Битта болага етти маҳалла ота-она”. Битта боланинг комил инсон бўлиб етишиши учун нафақат оила, битта маҳалла, балки етти маҳалла масъул деган гапда катта маъно бор. Мустақил Ўзбекистонимиз келажагининг ишончли қўлларда бўлиши сизларнинг бой ҳаётий тажрибага асосланган панд-насиҳатларингизга ва бугун ёшларимизни тарбия қилишдаги, маънавий муҳитни мустаҳкамлашдаги ўрнингизга боғлиқ.

Тадбир давомида мамлакатимизнинг иқтисодиёт, ишлаб чиқариш, илм-фан, маданият, таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳаларда кўп йиллар давомида ҳалол ва самарали меҳнат қилган, шунингдек, ҳаётини оилалар мустаҳкамлигини сақлаш, она-Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш ишларига бағишлаб келаётган 60 нафар отахон ва онахонларга давлатимизнинг I, II, III даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонлари тантанали топширилди.

300 нафардан зиёд нуронийлар жам бўлган тадбирда Муҳаммаджон Мирзаев, Насибахон Охунова, Машрабжон Розиқов каби фарғоналик кекса авлод вакилларининг самарали меҳнат фаолиятини ёритган видеороликлар ҳам намойиш этилди.

Вилоятдаги эл суйган санъаткорлар иштирокидаги концерт дастури эса барчага янада кўтаринкилик бағишлади.

М.Сулаймонов, ЎзА