Мамлакатимизда «Инсон қадри учун» эзгу ғоя ҳаётийлигини таъминлаш йўлида мақташга арзигулик ишлар амалга оширилаётир. «Обод маҳалла» ва «Обод қишлоқ» дастурлари доирасида энг чекка қишлоқлар қиёфаси ҳам буткул ўзгармоқда.
Наманган вилоятининг чекка маҳаллаларидан бири «Уйғурсой»да ҳам ниҳоят «Одамлар эртага эмас, бугун яхши яшаши керак», деган эзгу ғоя ўзининг амалий ифодасини топди. «Обод қишлоқ», «Обод маҳалла» дастурлари ижроси йўлидаги ҳаракатлар энди том маънода уйғурсойликлар ҳаётини ҳам яхшилашга, эртанги кунга бўлган ишончини оширишга хизмат қиладиган бўлди.

Юртимизда шароити энг оғир бўлган 1071 маҳалла рўйхатга олинган бўлса, уларнинг 54 таси Наманган вилояти ҳисобига тўғри келади. Поп туманидаги «Уйғурсой» эса ана шундай ҳудудлардан бири эди. Маҳаллада 31 та икки қаватли уйлар ҳамда 90 дан зиёд ҳовлилар бўлиб, 2 мингдан ортиқ аҳоли яшайди. Ўтган асрнинг 50 йилларида қурилган бу уйлар деярли капитал таъмирланмади. Одамлар томидан чакки ўтишига ўрганиб ҳам қолган эди. 18 километр узоқликдан тортиб келинган ичимлик суви қувурлари эса аллақачон чириб бўлганди. Бир кеча-кундузда атиги бир соат сув бериларди, холос. Ҳатто оқова суви ҳам йўқ. На дарахт кўкартириб бўларди, на бирон экин.

Электр таъминотида ҳам шунга ўхшаш манзара. Қишда лой, ёзда чанг-тўзон кўтариладиган ички йўллар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Канализация тизими буткул издан чиққан. Аҳоли тиббий хизмат учун туман ёки вилоят марказига қатнашга мажбур. Мактаб ва болалар боғчасидаги шарт-шароитлар ҳам мақтагулик эмас. Бир пайтлар ҳашаматли кўринган икки қаватли Маданият уйига киришга одам қўрқарди. Маҳаллада уй-жой мулкдорларига хизмат кўрсатувчи ширкат ҳам ташкил қилинмаган.

«Уйғурсой»ликлар қарийб ярим асрдан бери шундай шароитда яшаб келди. Қилинган юзлаб мурожаатлар, шикоятлар қайсидир раҳбарларнинг столи устида сарғайиб қолаверди. Одамлар ёлғон ваъдаларга ишониб яшади, умидини сўндирмади.
Ниҳоят, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига «Миллий тикланиш» демократик партиясидан сайланган депутат Абдумалик Акромовнинг ташаббуси билан бугун «Уйғурсой» туман марказидан қолишмайдиган даражадаги шаҳарчага айланди.
– Бу масалани ҳал қилиш осон бўлмади, – дейди депутат. – Буткул издан чиққан инфратузилмани яхшилашга озмунча маблағ кетмайди. Биргина туман билан бу масалани ечиш қийин. Вилоятда эса шароити бунданда оғир маҳаллалар бор. Аммо сайловчиларимнинг умиди, ишончи менга куч-қувват берди, йўл кўрсатди. Аввало, Поп тумани ҳокими Аъзамжон Султонов билан бирга маҳаллага келиб, шароитларни ўргандик, аҳоли билан гаплашдик. Маҳаллада Ички ишлар вазирлигига қарашли объектлар – жазони ижро этиш муассасаси, ҳарбий қисм ҳам жойлашган, икки қаватли уйларда ҳарбийлар оиласи билан яшар экан. Шунингдек, маданият саройи, сувоқава тизими ҳам вазирлик тасарруфида экан. Демак, бу масала вазирликнинг иштирокисиз ҳал бўлмайди.

Вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов билан учрашиб, муаммоларни айтдик, таклифларни ўртага ташладик. Хайрли иш ҳокимга ҳам маъқул келди ва албатта, бунинг учун маблағ ажратишга ваъда берди.
Шу йилнинг январь ойида Ички ишлар вазирига ваколатим доирасида «Депутат сўрови» чиқардим. Вазир ҳам бу масалани беэътибор қолдирмади. Жазони ижро этиш департаменти бошлиғи Р.Турсунов бошчилигидаги гуруҳни «Уйғурсой»га жўнатди. Вилоят, туман мутасадди идоралари раҳбарлари ҳамроҳлигида шарт-шароитлар ўрганилди.
Хайрли ишнинг қаноти бор деганларидек, тез орада ишчи гуруҳи тузилиб, лойиҳалар ишлаб чиқилди, зарур маблағлар ажратилди. Вилоят ҳокими шахсан ўзи Ички ишлар вазирлиги вакиллари билан маҳаллага келиб, шу йилнинг март ойида амалга ошириладиган ишларни бошлаб берди, — дейди депутат.
Дарҳақиқат, депутат А.Акромовнинг хайрли ташаббуси билан орадан етти ой ўтиб, маҳалладан шаҳарчага айланган «Уйғурсой»нинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
«Уйғурсой»да таниб бўлмас даражадаги бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Икки қаватли уйларнинг барчаси капитал таъмирланди. 18 километрли сув қувури алмаштирилиб, одамларга кун давомида ичимлик сувини етказиш йўлга қўйилди. Янги электр тўсинлар ўрнатилиб, симлар алмаштирилди. Ички йўлларга асфальт ва бетон қопламалар ётқизилди. Кўчаларга тунги чироқлар ўрнатилди. Маиший хизмат хоналари – кичик савдо дўкони, аёллар ва эркаклар сартарошхонаси, кафе, компьютер хизмати йўлга қўйилди. Шунингдек, мини футбол стадиони, болалар ўйингоҳи, “workout” майдончаси, шинам шийпонлар фойдаланишга топширилди. Харобага айланган Маданият уйи капитал таъмирланиб, ҳақиқий маънодаги «Маънавият ва маърифат маркази»га айлантирилди. У ерда кутубхона, ўқув курслари фаолияти йўлга қўйилди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА