Ўзбекистон "Адолат" социал-демократик партияси ташаббуси билан болаларни ижтимоий муҳофаза қилиш, уларнинг саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилган қатор хайрли лойиҳалар амалга ошириб келинмоқда.
Партиянинг Наманган вилояти кенгаши томонидан ташкил қилинган "Бор меҳримиз сенга, болажон!" акциясида кўплаб ташкилот-муассасаларда фаолият юритиб келаётган юзлаб саховатпеша кишилар қатнашиб, инсонийлик фазилатларини намоён этди.


Уч кун давом этган акцияда вилоят қон қуйиш марказига болажонлар учун қон топширишни мақсад қилган 250 нафар беғараз фуқаро виждон амри билан келди. Акция иштирокчиларининг 122 нафаридан 62,586 литр қон йиғилди.
– Оиламиз қувончи, юртимиз келажаги бўлмиш болажонлар саломатлигини тиклаш учун ўтказилган беғараз акцияда қалбида одамийлик хислати мужассам яхшилар жамулжам бўлди, – дейди “Адолат” СДП Наманган вилояти кенгаши масъул ходими Муҳиддин Имомадиев. – Шулар қаторида ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари, олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари ва ҳатто қўшни Андижон вилоятидан ташриф буюрган маҳалла фуқаролар йиғини раиси ҳам иштирок этиб, қон топширишдек савобли ишга муносиб ҳисса қўшди.


Қолаверса, "Меҳр карвони" шиори остида ўтказилган тадбирларда туманлардаги эҳтиёжманд оилалар ва боқувчисини йўқотган болаларга мурувват кўрсатилди, уйда ва шифохоналарда ётган беморлар ҳолидан хабар олиниб, ўксик қалбларга қувонч улашилди.
Беғараз акцияда фаоллик кўрсатган турли соҳа вакиллари партиянинг вилоят кенгаши томонидан эътироф этилиб, ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан рағбатлантирилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири