Хайрия видеолари ниқобидаги фирибгарлик фош бўлди
Тошкент вилоят ИИББ Рамазон ойи муносабати билан янги киберфирибгарликдан огоҳлантирмоқда. Вилоят ИИББ Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бошқармаси томонидан мониторинг ҳамда фуқаролар мурожаатлари асосида ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида навбатдаги киберфирибгарлик фош этилди.
Хусусан, Бухоро вилоятида яшовчи, 2004 йилда туғилган шахс М.Д. Инстаграм ижтимоий тармоғида бемор болалар номидан жойлаштирилган эҳсон видеоларини юклаб олиб, уларни қайта ишлаб, монтаж қилган. У асл видеодаги банк карта рақамларини ўзгартириб, бошқа карта маълумотларини жойлаштирган.

Дастлабки суриштирувларга кўра, ушбу шахс 2025 йил октябрь ойидан фош этилгунга қадар онасига тегишли банк картасига 2 мингга яқин транзакция орқали жами 161 миллион сўм туширган. У бу маблағни шахсий эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
А.Мусаев, ЎзА