Кейинги йилларда мамлакатимизда диний эркинликни таъминлаш, инсонларнинг эмин-эркин ибодат қилиши учун кенг имкониятлар яратиб берилмоқда. Ҳайит байрамлари умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланмоқда. Айни кунда биргина Андижон вилоятида барча қулайлик ва шарт-шароитларга эга 182 та жоме масжиди намозхонларга хизмат қилиб келмоқда.
Ана шу йўналишдаги ишлар кўлами ва самарадорлигини ошириш, аҳоли ўртасида динимизга хос эзгулик, инсонийлик, саховат, меҳр-оқибатлиликни кенг тарғиб этишда Президентимизнинг 2018 йил 16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан, ташкил этилган “Вақф” хайрия жамоат фонди фаолияти алоҳида ўринга эга. Жумладан, мазкур фонднинг Андижон вилоят филиали томонидан ҳам кенг кўламли хайрия ва саховат ишлари олиб борилмоқда.
– “Вақф” хайрия жамоат фонди фаолиятининг асосий йўналишлари юртдошларимиз қалбида саховат, меҳр-оқибат туйғуларини мустаҳкамлаш, эҳтиёжманд инсонларга кўмак бериш, диний-маърифий соҳадаги ишлар самарадорлигини оширишга қаратилган, – дейди “Вақф” хайрия жамоат фонди Андижон вилоят филиали раҳбари вазифасини бажарувчи Эргашбой Мамадалиев. – Шу билан бирга, масжид, мадраса ва зиёратгоҳларимизни обод қилиш, имом-хатиб, ноиблар, мударрислар ва талабаларга моддий-маънавий кўмаклашишдан иборат.
Биргина ўтган 2022 йилда филиал томонидан хайрия, закот, вақф мулклари, зиёратгоҳлар, диний ташкилотлар ва акциялар орқали келиб тушган маблағлар, ҳомийлар, ҳамкор ташкилотлар томонидан тақдим этилган моддий кўринишдаги эҳсонлар билан қўшиб ҳисоблаганда, жами 662 миллион 766 минг сўмдан зиёд маблағ хайрия сифатида сарфланди.
[gallery-10323]
Жумладан, фонднинг вилоят филиали томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, ўтган йили “Сиз бизга кераксиз!” шиори остида ташкил этилган хайрия тадбирлари доирасида эшитиш ва гапиришда нуқсони бор 300 нафардан ортиқ киши иштирокида байрам тадбири ўтказилди. Хайрия сифатида уларга озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалик маҳсулотлари берилди.
Ижтимоий ҳимояга муҳтож 30 оилага хайрия сифатида кўмир ва иситиш жиҳозлари, ёлғиз кексалар, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган 750 нафар фуқарога эса озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.
Масжид ходимлари, мадраса муаллимлари ва талабаларини рағбатлантириш, диний-дунёвий адабиётлар, китоблар, ўқув қўлланмалар харид қилиш учун вилоятдаги қатор масжид, мадраса, ўрта таълим муассасаларига қарийб 153,7 миллион сўм миқдоридаги маблағ хайрия сифатида тақдим этилди. Бундан ташқари, вилоятдаги саховат ва мурувват уйлари, бир қатор зиёратгоҳларда эҳтиёжманд юртдошларимиз иштирокида саховат, хайрия тадбирлари ўтказилди.
Жумладан, Хўжаобод туманидаги “Имом ота” ҳамда “Манак ота” зиёратгоҳларида вилоят бош имом-хатиби Мирзамақсуд Алимов, имомлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида ўтказилган саховат-хайрия тадбирида қўйлар сўйилиб, эҳтиёжманд ва кам таъминланган оилаларга тарқатилди.
Вилоятдаги 331 нафар боқувчисини йўқотган, кам таъминланган, ногирон фарзанди бор оилаларга, шунингдек, ёлғиз кексаларга даволаниши ва хайрия сифатида жами 268,5 миллион сўм маблағ уларнинг пластик карталарига ўтказиб берилди.
– Кўп йиллардан буён юрак хасталиги билан оғрийман, – дейди Жалақудуқ туманидаги Дўнгқишлоқ маҳалласида яшовчи Муҳаббатхон Юлдашева. – Оиламнинг шароити оғир, доимий даволанишга имкон қилолмайман. Ёрдам сўраб, “Вақф” фондига мурожаат қилган эдим. Фонд мутасаддиларига раҳмат, менга ёрдам сифатида даволанишим учун пластик картамга 1 миллион сўм пул ўтказиб беришди.
“Вақф” хайрия жамоат фонди Андижон вилоят филиали томонидан юқоридаги каби хайрия ва саховат ишлари жорий йилда ҳам режа асосида давом эттирилади.
Ф.Убайдуллаев, З.Умрзоқов (фото), ЎзА