Наврўз нафақат уйғониш ва яшариш, тинчлик, бағрикенглик, саховат ва меҳр-мурувват байрами сифатида ҳам кенг нишонланган.
Ушбу байрам арафасида қўни-қўшни ва муҳтожларга эҳсонлар берилган. Маҳалла-кўй, қариндош-уруғ бир-биридан, беморларнинг ҳолидан хабар олган. Яратгандан қут-барака тилаб, момоларимиз, келинлар-у, қизларимиз сумалак, ота-боболаримиз эса ҳалим пишириб, юртга тинчлик-омонлик тилаб, яратгандан ризқ-рўз сўраб, дуо қилишган. Бир сўз билан айтганда, халқимизнинг эзгу ва гўзал қадриятлари ўз ифодасини топган.

Хоразм вилояти Урганч туманидаги “Версал” тўйхонасида кам таъминланган ва "Темир дафтар" рўйхатига киритилган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг 16 нафар фарзандларининг суннат тўйи ўтказилди. Туман ҳокимлиги, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими ва бошқа ҳамкор ташкилотлар ташаббуси билан ташкил этилган хайрия тадбири ҳам Наврўз байрами арафасида кўнгилларга шодумонлик бағишлади.

Тадбирда туман ҳокими Фрунзе Шарипов ҳамда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими бошқаруви раиси Алтибой Раджабов, нуронийлар, тўй болаларнинг яқинлари иштирок этди. Жажжи ва беғубор болажонлар қўшалоқ тўй, Наврўз ва суннат тўйи билан муборакбод этилди. Ташкилотчилар томонидан тўёна ва совғалар тўй болалар ва уларнинг ота-оналарига топширилди.


Нилуфар Бозорова,
ЎзА