Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида янги китоб
Таниқли ёзувчи, Халқ таълими аълочиси Хайриддин Бегматовнинг Ҳазрат Соҳибқирон Амир Темурнинг шонли ҳаётига бағишланган трилогиясининг иккинчи китоби – “Темурбек жаҳонгир” номли романи Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида нашрдан чиқди.
Муаллифнинг ушбу асари Буюк Соҳибқирон Амир Темур бобомизга бағишланган уч китобдан иборат романнинг иккинчиси.
Биринчи романи – “Темурбек Туркистон амири”да Соҳибқироннинг буюк саркарда сифатида шаклланиш йиллари, мўғул босқинчиларига қарши олиб борган курашлари ва Туркистон амири сифатида улкан ва қудратли давлатга асос солгани ҳикоя қилинган бўлса, “Темурбек жаҳонгир”да буюк фотиҳнинг Афғонистон, Эрон, Ироқ томонларга қилган ғолибона юришлари бадиий бўёқларда акс этган.
Адиб ушбу китоб сўзбошисида: “Туркистон амири жаҳонгирлик остонасига қадам қўйди. Бу у ўз ғолиб туғросида қайд этилганидек, Абулмузаффар Амир Темур Кўрагон баҳодурхоннинг бахти эдими ёки бахтсизлиги? Бирор одам қудратли бўлса-ю, бошқаларга ўз кучини кўрсатиб қўйишга интилса, бу унинг қусрими ё фазилати?
Одамзот қонида ўзгалар устидан ҳукмронликка интилиш бор нарса. Худди шундай, зўрлик-у истибдодга кўника олмаслик хислати ҳам бор. Бу икки қутб орасида тарози мувозанати қаерда?”...
Муаллиф трилогиянинг иккинчи китоби – “Темурбек жаҳонгир” романида ана шу олтин ўрталикни усталик билан тасвирлайди ва кўз ўнгимизда буюк бобокалонимиз Ҳазрат Амир Темурнинг жаҳонгирлик сиймоси гавдаланади.
Хайриддин Бегматовнинг “Темурбек Туркистон амири”, “Темурбек жаҳонгир” романлари ва трилогиянинг учинчи китоби “Темурбек. Тор дунё” номли учинчи китоби ҳам сизни буюк Амир Темур шахсияти ва салтанати тарихи билан таништиришга хизмат қилгуси.
Ҳазрат Соҳибқирон Амир Темур босиб ўтган шонли йўлга бағишланган ушбу тарихий асарни, албатта, ўқинг.
А.Нарзуллоев, ЎзА