Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида янги китоб
Халқ таълими аълочиси, таниқли ёзувчи Хайриддин Бегматовнинг “Темурбек Туркистон Амири” номли романи Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида нашрдан чиқди.
Муаллифнинг ушбу асари Буюк Соҳибқирон Амир Темур бобомизга бағишланган уч китобдан иборат романнинг биринчиси. Унда Соҳибқироннинг буюк саркарда сифатида шаклланиш йиллари, мўғул босқинчиларига қарши олиб борган курашлари ва Туркистон амири сифатида улкан ва қудратли давлатга асос солгани ҳикоя қилинади.
Адиб китобга кириш сўзбошисида шундай ёзади: “Самарқанд осмонида юлдузлар”. Жарангдор ном бу. Дунёни лол этган фотиҳ жаҳонгир овозасидан ҳайрат бу китоб муаллифининг қўлига қалам тутқазган эди, аммо юз бора афсус! Донолар беҳудага “Ишқ бошқа, ҳавас бошқа” демайдилар. Меҳмон адиб бу қаламни инсоф юзасидан юрита олмади. У гўё баланд тоғ чўққисига чиқиб олади-ю, ўз қаҳрамонини тубан бир пастликдан қидиради. Романда қора бўёқларнинг такрор ва такрор кўзга ташланишидан ҳайратланмай иложингиз йўқ. Мен ҳатто бир ўринда китоб четига “Темурбек саводсиз, вазирлар саводсиз, ол-а, Бородин!” деб ёзиб қўймоққа ҳам мажбур бўлдим.
Тарихга назар ташлаган қаламкашнинг нигоҳи адолат чизиғида турмоғи фарз эди. Зеро, Темурбек ўзи ёқтирмаган мақтовларга муҳтож бўлмагани каби, ноҳақ таъналарни ҳам кўтармагай. Буюк Соҳибқирон ҳақида борини ёзмоқ керак”.
Муаллифнинг сўзбошисини ўқиркансиз, фикрларини мулоҳаза қилиш баробарида унинг ўзи битган романга бўлган қизиқишингиз янада ортади.
“Темурбек Туркистон амири” – Хайриддин Бегматовнинг Буюк Соҳибқирон ҳақидаги трилогиянинг биринчи китоби. “Темурбек – жаҳонгир”, “Темурбек. Тор дунё” номли иккинчи ва учинчи китоблар ҳам сизни буюк Амир Темур шахсияти ва салтанати тарихи билан таништиришга хизмат қилгуси.
Ҳазрат Соҳибқирон Амир Темур босиб ўтган шонли йўлга бағишланган ушбу тарихий асарни, албатта, ўқинг.
А.Нарзуллоев, ЎзА