Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Ҳайратон” — “Дўстлик” кўприги икки халққа хизмат қилмоқда
14:51 / 2022-11-12

“Дўстлик” кўприги очилганига 20 йил

Ўзбекистонни Афғонистон билан боғлайдиган Амударё устига қурилган кўприк 1982 йилда фойдаланишга топширилганига бу йил 20 йил тўлди. Совет қўшинларининг қўшни давлатда мужоҳидларга қарши олиб бораётган жанговар ҳаракатлари пайтда очилгани учун унга рамзий маънода “Дўстлик кўприги”, деб ном беришади. 

Кейинчалик 90-йилларнинг ўрталарида “Толибон” ҳаракатининг жанубий сарҳадларимизга яқинлашиши билан у “Ҳайратон” номига ўзгартирилиб, фаолияти тўхтатилади.  2002 йилда Афғонистонда яшириниб юрган террорчи гуруҳларга қарши курашда халқаро коалицияга қўшилган мамлакатимиз кўприкни қайта очади ва яна “Дўстлик” номини олади.

Термизни Афғонистоннинг Ҳайратон шаҳри билан боғловчи кўприк қадим тарихга эга. 

Дастлабки ёғоч кўприк рус чор армияси генерали Борис Анненков раҳбарлигида 1888 йилнинг май ойида қуриб битказилади. Бу даврда руслар Ўрта Осиёга кириб келган, Каспий орти темир йўли қурилиши бошланиб, Амударё устидан борди-келди учун кўприкка эҳтиёж туғилган пайт эди.

Амударё темир йўл кўприги ёғоч қозиқлар билан мустаҳкамланиб, узунлиги қарийб уч километрни ташкил этган эди. Бу ўша даврнинг катта муҳандислик ютуғи, деб эътироф қилинган. Афсуски, кўприк бор-йўғи 14 йил хизмат қилади: дарёнинг тез оқими ва қумли туби туфайли кўприк қулай бошлайди ва тезда яроқсиз ҳолга келади. 

XX асрнинг бошига келиб, Каспий орти темир йўли бутун Туркистонга хизмат қилгани учун Ўрта Осиё номига ўзгартирилади. Кўприк хизмат ҳажми шу қадар кўпаяди-ки, уни зудлик билан модернизация қилиш шарт бўлади. 

1902 йилда янги темир йўл қурилиши бошланади. Россия бу иш учун 5 миллион рубль ажратади – ўша пайт учун жуда катта маблағ эди. Қурилишни ғарбий Сибирь, Орол ва бошқа темир йўлларда йирик кўприк иншоотларини бунёд этишда илғор тажрибага эга бўлган, замонасининг таниқли муҳандиси Николай Олшаньский бошқаради.

У 27 поғонали бақувват темир йўл кўпригини лойиҳалаштиради ва ўша пайтда дунёдаги энг катта кўприклардан бирига айланади. Кўприк мукаммал тарзда қурилган, шунинг учун у 77 йил хизмат қилади.

Узунлиги 816 метр бўлган ҳозирги темир йўл-автомобиль кўприги 1982 йилда битади-ю, ҳамон Афғонистондан совет қўшинларининг қисман олиб чиқиш бошланади. Афғон диёрида тезроқ уруш тугасин, давлатлар ўртасида дўстона муносабатлар ўрнатилсин, дея умид билан унга “Дўстлик” номи берилади. 1989 йил февраль ойида айнан ушбу кўприкдан совет қўшинларининг Афғонистонда нолиб чиқилиши тантанали равишда якунланади.

90-йилларнинг иккинчи ярмида “Толибон” Афғонистоннинг шимолий вилоятларига бостириб келиши биланоқ кўприк ёпилиб, “Ҳайратон” номини олади. 

Ўзбекистон ҳукумати Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ўртасида гуманитар юкларни етказиб беришни осонлаштириб бериш тўғрисидаги келишувга мувофиқ, 2002 йилда кўприк қайта очилади. Ундан илк бора 16 вагон инсонпарварлик ёрдами жўнатилади ва қайта “Дўстлик кўприги” номини олади. Дастлабки йилларда фақат озиқ-овқат, дори-дармон ва бошқа гуманитар юкларни ташиш учун рухсат берилади. 

Аксарият мутахассислар яқин келажакда кўприкнинг аҳамияти яна ошишини тахмин қилишмоқда. 573 километр узунликдаги ва йилига 20 миллион тоннагача юк ташиш имкониятига эга бўлган магистрал йўли қурилишини назарда тутаётган Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон ўртасида Мозори-Шариф-Қобул-Пешовар темир йўли қурилиши режаси бор.

5 миллиард доллар, деб баҳоланаётган лойиҳа - янги транспорт йўлаги Европа Иттифоқи, Россия, Ўзбекистон, Афғонистон, Покистон, Ҳиндистон ва ундан кейинги Жанубий-шарқий Осиё давлатларини боғлаши керак. Унга қадар кўприк Марказий Осиёнинг барча давлатлари билан Покистон ўртасида барқарор савдо-сотиқ амалларини бажаришга хизмат қилади.

Аброр ХОН, ЎзА