French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳайрат ва соғинчга йўғрилган юраклар
15:49 / 2026-02-12

Саёҳат манзиллари

Самарқанд “Ер юзининг сайқали” деб эътироф этилган, инсоният тараққиётида муҳим ўрин тутган қадимий ва навқирон шаҳардир. Бу замин тарих саҳифаларида зарҳал ҳарфлар билан қолган, ўзининг бетакрор меъморчилик ёдгорликлари, қадимий тарихи ва маданий мероси билан дунёга машҳур.

Самарқанд минг йиллик тарихга эга бўлиб, Буюк ипак йўлининг энг муҳим манзилларидан бири ҳисобланади. Регистон майдони, Амир Темур мақбараси, Шоҳи Зинда ва Бибихоним масжиди каби нодир обидалар сайёҳларни ҳамиша ўзига оҳанрабодек мафтун этиб келади. Ҳар йили дунёнинг турли бурчакларидан минглаб сайёҳлар ташриф буюриб, ўзлари учун янги олам, янги дунё кашф этади.  

Дам олиш кунлари ўзининг бетакрор гўзаллиги билан олам аҳлини ҳайратга солиб келаётган Самарқанд томон йўлга тушдик. Қишнинг изғиринли кунлари у қадар сезилмади. Қуёшли кунлар остида зиёрат қилиш эса янада завқли бўлди. Гоҳида хизмат юзасидан, яна бир сафар оилавий зиёрат учун Самарқанд шаҳрида кўп бўлганман. Йўлда дўстлар билан суҳбатлашиб борар эканмиз, бир дўстим рўзғор юмушлари билан банд бўлганиданми ёки ҳафсаласизлик қилибми, вилоятларга қирқ беш йиллар чамаси йўли тушмаганини айтиб қолди.

Мактабни битириш арафасида –1979 йили синфдошлар ва ўқитувчилар билан бирга Самарқанд зиёратида бўлган экан. Унга “Дўстим ҳаётдан ортда қолибсан-ку, ҳозир ярим йил бўлмаган жойингда шу қадар ўзгаришлар бўляпти-ки, қайта келсанг танийолмайсан”, дедим. “Унда Самарқанд сен учун ҳақиқий мўъжиза бўларкан”, деб қўшиб қўйдим.

Тонг саҳарда қўзғалган автобус пешинга яқин шаҳарга етиб борди. Автовокзалда бизни Сафарали исмли дўстимиз кутиб олди. Меҳмонхонага жойлашиб, бироз ҳордиқ олгач, зиёратни бошладик. Тунги Самарқандни кўрган дўстимиз ўз ҳис-ҳаяжонини яшира олмади. Регистон майдонида зиёрат қилиб юрган турли миллат вакиллари ҳамда хорижлик сайёҳларнинг саноғи йўқ.  

– Вақтнинг ўтишини қара. дўстим. У пайтлар бу жойлар шунақа бўлмаган бўлса керак. Ҳозир ёдимга ҳам келмаяпти, ҳақиқий мўъжизанинг ўзгинаси, – дейди.      

Меҳмонхонага кириб дам олишни четга сурдик. Бизни чорлаган мезбонлар ҳамроҳлигида соат тунги ўн иккига яқинлашиб қолганини ҳам сезмай қолибмиз. Тонгда яна зиёратга ошиқдик. Ҳар бир борган манзилимиз у ердаги тарихга гувоҳ бўлувчи обидалар, авлиёлар ҳақида кўплаб янгиликларга эга бўлдик.

Самарқандда жуда кўп тарихий масканлар бўлиб, улар орасида Хожа Дониёр мақбараси ҳақида бироз тўхталгим келди. Бу меъморий ёдгорлик, Афросиёб қўрғонининг кунчиқар томонида, Сиёб дарёси ёқасида қурилган. Бу масканга дунёнинг турли ҳудудларидан мусулмон, христиан, яҳудий сайёҳлар доимий келиб кетади. Муқаддас Хожа Дониёр мақбараси бир вақтнинг ўзида учта жаҳон динида– яҳудийликда, исломда ва насронийликда ҳурматга сазовор бўлган авлиёнинг дафн этилган жойидир.

Ривоятларга кўра, Авлиё зот Дониёр Бобил аскарларига асирликка тушиб қолади. Уни Қуддусдан Бобилга олиб кетадилар. Подшо Навихудонасорнинг саройига туш таъбирчи бўлиб хизматда бўлади. Кейинчалик тахтни форслар подшоси Доро эгаллайди ва Хўжа Дониёрни бош вазир қилишни ўйлаб қолади. Подшоҳнинг бу ниятини бошқа вазирлар эшитиб, Дониёрни йўқ қилиш пайида режа тузадилар. Хожа Дониёрга туҳмат уюштириб, уни кишанлаб подшоҳнинг ҳузурига олиб киришади. Дониёр пайғамбар шерлар қафасига ташланади. Подшоҳ кечаси билан ухлолмай, эрта тонгда  бошқа вазирларни ҳам ушлаб, менинг энг яхши кўрган вазирим ўлди, энди сенларга ҳам омонлик йўқ, деб, уларни шерларга ем қилиш учун ўша чуқурга олиб келади. Шерлар ётган чуқурни очиб қарашса, Дониёр пайғамбар ҳайвонлар билан суҳбатлашиб ўтирибди. У омон чиқиб, яна узоқ йиллар одамларни якка худога сиғинишга даъват қилиб, турли қарашлардан қайтариб яшайди.

Дунё бўйича Дониёр пайғамбарнинг бешта қабри бор. Энг узуни Самарқанддаги ҳисобланади. Афсонага кўра қабр ўсиб борган ва ёки пайғамбар хоки айнан қаерда эканини билдирмаслик учун узун қилиб қуришган. Бошқа мулоҳазаларга қараганда дунёда ўсадиган қабрлар бор ва Дониёр пайғамбарнинг қабри шу қабрлар сирасига киради.  

Мақбара ёнида 600 йиллик писта дарахти бор. Зиёратгоҳда тупроқ деворлар орасида ғаройиб ёғоч эшик бўлиб, у чиллахона эшигидир. Бу ерга кириб, зикр билан банд бўлишган.  

Дўстлар билан Самарқанд заминидан жой олган кўплаб авлиёлар қўним топган манзилларни зиёрат қилдик, гўзал суҳбатлар қурдик. Суҳбатлар ва зиёратлар чоғида руҳият тетиклашди. Авлиёларнинг гўё нафаси ҳар қадамда, ҳар қарашда биз билан бирга бўлаётгандек ҳисни туйдик.

Самарқанд зиёрати бир ёки икки кунлик эмаслигини ичимиздан туйган бўлсак-да, замонавий ҳамда боқий шаҳарларга қайта боришни ният қилиб пойтахтга қайтдик.  

Асрор Сулаймонов, ЎзА