Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хайр, боғча – салом, мактаб!
12:44 / 2023-05-25

Пойтахтимиздаги “Халқлар дўстлиги” саройида “Хайр, боғча – салом, мактаб!” номли тантанали мусиқий тадбир ўтказилди.

Мактабгача таълим тизимида илк марта ташкил этилган ушбу тадбирга турли вазирлик ва идораларнинг вакиллари, жажжи болалар, уларнинг ота-оналари таклиф этилди.  

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Одил Абдураҳмонов, мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова мамлакатимизда мактабгача таълим тизимини тубдан ислоҳ этиш борасида тизимли ишлар олиб борилаётганини таъкидлади. 

Бу эса мактабгача таълим масканларига болалар қамровини тобора ошириш, боғчаларда меҳнат қилаётган ходимларнинг ойлик иш ҳақини муттасил кўпайтириш, жажжи ўғил-қизларни мактабга пухта тайёрлашда муҳим омил бўлмоқда.  

Таълимнинг ушбу бўғинида давлат тасарруфидаги мактабгача таълим муассасалари билан бирга, давлат-хусусий шериклик асосидаги таълим муассасалари, оилавий боғчалар, нодавлат таълим муассасалари самарали фаолият кўрсатмоқда.  

Болаларни мактабгача таълим муассасаларига қабул қилишда, шунингдек, 7 ёшга тўлган ўғил-қизларни умумтаълим мактабларининг 1-синфига қабул қилишда ортиқча оворагарчилик ва сарсонгарчиликларга йўл қўймаслик, бундай масъулиятли жараёнга илғор, замонавий  технологияларни жадал жорий этиш юзасидан тизимли ишлар олиб борилмоқда.  

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Мактабгача таълим агентлиги томонидан ташкил этилган тантанали тадбир ҳақиқий болалик, беғуборлик, билимдонлик байрамига айланди. Қувноқ куй-қўшиқлар, ажойиб рақслар, театрлаштирилган бетакрор дастурлар тадбир иштирокчиларига бир дунё завқ бағишлади. Интерфаол ўйинлар, қизиқарли викториналар, қувноқ саволлар байрам дастурининг янада самимий руҳда ўтишини таъминлади.  

Назокат Усмонова, ЎзА