Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳаётнинг ҳар лаҳзаси гўзал...
11:08 / 2021-05-31

Фарғона вилояти Олтиариқ туманида Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджоннинг хотирасига бағишланган “Ҳаётнинг ҳар лаҳзаси гўзал...” деб номланган тадбир бўлиб ўтди. Унда шоир ва ёзувчилар, кенг жамоатчилик вакиллари, шеърият мухлислари иштирок этди.

Болалар дунёси билан ошно бўлиш, уларнинг қалбига йўл топиш жуда қийин.Ўзбек болалар адабиётининг забардаст вакили Анвар Обиджон аввало, болалар адиби сифатида довруқ қозонган. Шу туфайли бўлса керак, унинг катталарга аталган шеърларида ҳам болаларга хос беғуборлик, кўнгилчанлик, тўғрисўзлик алоҳида бўртиб туради. Унинг асарларини китобхонларга суюкли қилиб келаётган омиллардан бири шу бўлса, ажабмас. Шоирнинг «Она Ер», «Баҳромнинг ҳикоялари», «Эй, ёруғ дунё…», «Оловжон ва унинг дўстлари», «Кетмагил», «Масхарабоз бола», «Аканг қарағай Гулмат», «Жуда қизиқ воқеа», «Даҳшатли Мешполвон», «Ерликлар», «Булбулнинг чўпчаклари», «Одобли бўлиш осонми», «Танланган шеърлар», «Ўқ ўтмас болакай ёхуд олтин юрак», «Ажинаси йўқ жинкўчалар» китобларини китобхонлар яхши билади.

У болалар учун ҳам, катталар учун ҳам кўплаб қисса, шеър, достон, ҳикоя, пьесалар яратди. Анвар Обиджоннинг драматург сифатидаги фаолияти 1983 йил «Қўнғироқли ёлғончи» комедияси Ёш томошабинлар театрида саҳналаштирилганидан бошланган. Анвар Обиджон «Фидокорона хизматлари учун» ордени, «Шуҳрат» медали соҳиби бўлган. Халқимизнинг севимли шоири ўлмас асарлари билан катта мерос қолдирди. Ўзбекнинг ҳар бир хонадонида доимо Анвар Обиджон китоблари севиб мутолаа қилинади. Олтиариқ тумани Полосон қишлоғида шоир туғилиб ўсган кўчага унинг номи берилди.

Адабиёт байрами айланган тадбирда Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзо, Олтиариқ тумани ҳокими Холмирза Ниёзов ва бошқалар ўзбек адабиётида Анвар Обиджоннинг адабий мероси халқимизнинг бебеҳо дурдонаси эканлигини таъкидлади. Шоир ижодидан намуналар ўқилди, санъаткорлар томонидан унинг шеърлари асосида яратилган қўшиқлар ижро этилди.

 

М. Сулаймонов, ЎзА