Ёшлар билан очиқ мулоқот
Президент Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 30 июнь куни ёшлар билан ўтказган очиқ мулоқотида илгари сурилган таклиф ва ташаббусларни амалда рўёбга чиқариш мақсадида июль-декабрь ойларида соҳалар кесимида ёшлар билан очиқ мулоқотлар ўтказилиши режалаштирилган.
Ҳар бир учрашувда масъул раҳбарлар ёшлар билан бевосита мулоқот қилиб, уларнинг таклиф, ғоя ва муаммоларини тинглайди. Энг муҳими, бу фикрлар асосида амалий ёрдам кўрсатиш чоралари белгилаб борилади.
Илк учрашув 24 июль куни Тошкент шаҳридаги Ёшлар ижод саройида ёш тадбиркорлар ва ходимларининг асосий қисмини ёшлар ташкил этувчи ташкилотлар масъул раҳбарлари билан ўтказилган эди.
Навбатдаги очиқ мулоқот эса кеча пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида ёш контент яратувчилар, журналист ва блогерлар билан ташкил этилди.
Ёшлар тарбиясида ижтимоий тармоқлар таъсири ва ижобий контентни қўллаб-қувватлаш зарурати ҳақида сўз юритилди.
Бугунги кунда ижтимоий тармоқлар нафақат ахборот алмашиш майдони, балки ёшларнинг дунёқараши, ҳаётга муносабати ва келажак режалари шаклланадиган асосий маконлардан бирига айланмоқда. Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев кириш сўзида бу жараённинг ижобий ва салбий жиҳатларига алоҳида тўхталиб, шундай деди:
– Биз бир ҳақиқатни тан олишимиз керак: фақат кўнгилхушлик учун яратилган, маъно ва мақсаддан холи контентлар кўплаб ёшларнинг тарбияси, ҳаётга қараши ва интилишларида бўшлиқни юзага келтирмоқда. Вақтни самарасиз ўтказиш, ҳаётга енгил-елпи муносабат замирида ёшлар келажаги, унинг ички дунёси ва қадриятлари ётганини унутмаслигимиз зарур, – деди агентлик раҳбари.
[gallery-26369]
Ижтимоий тармоқларни фақат салбий ҳодиса сифатида баҳолаш бирёқламалик бўлиши ҳам қайд этилди.
Шу билан бирга, ёшлар орасида юксак маданият, маърифат ва масъулият билан контент яратиб, ижобий ғояларни тарғиб қилаётган блогерлар ва онлайн лойиҳалар фаолият юритмоқда.
Масалан, “Бек ва Лола” мультфилми YouTube платформасида атиги бир ярим йил ичида қарийб 148 миллион марта кўрилган. Шунингдек, “Миллий караоке” (80 миллиондан ортиқ), “Ибрат фарзандлари” (73 миллион), “Устоз AI” (6 миллиондан ортиқ), “Мутолаа” (3,3 миллион), “Яшил макон” (3,5 миллион) каби лойиҳалар ёшлар учун билим, тарбия ва маънавиятни уйғунлаштирган фойдали контентлар яратмоқда.
Бундан ташқари, Чумоли, Ўрикгули, Пиёдачи, Миллат умиди, Жамшид Зиёхонов, Зокировлар оиласи, Исом ТВ, Техноплов каби контент яратувчилар ҳам ўз аудиториясига ижобий ғоялар, ҳалол меҳнат, касб-ҳунар, оила қадри ва маънавий тарбияни тарғиб этиб келмоқда. Бу эса ижтимоий тармоқларда ижобий оқим мавжудлигини ва уни янада кенгайтириш имконияти борлигини кўрсатади.
Очиқ мулоқотда бугун ёшларнинг онгига таъсир қилувчи контентлар орасида кучли рақобат кетаётгани ҳам айтилди. Кимнинг овози баландроқ, кимнинг саҳнаси шов-шувлироқ бўлса, кўпроқ томошабин тўплаяпти. Шундай шароитда ижобий ўрнак бўладиган, билим берадиган, касбга йўналтирадиган, ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлайдиган блогер ва лойиҳалар фаолиятини қўллаб-қувватлаш ниҳоятда муҳим.
Агентлик ижтимоий тармоқларда ижобий ахборот оқимини кучайтириш, ёшлар учун фойдали контентлар улушини ошириш мақсадида маърифий ва тарбиявий лойиҳаларни тарғиб қилаётгани эътироф этилди. Шунингдек, ижобий намуна бўлаётган блогерлар билан ҳамкорлик дастурлари йўлга қўйилган.
Йиғилишда ёшларга ҳам сўз берилди. Республикада ўз меҳнати, илми, ижтимоий фаоллиги билан танилиб бораётган ёшлар медиа соҳасидаги ишларга ўз муносабатини билдирди.
Б.ХУДОЙБЕРДИЕВ,
О.ПАРДАЕВ (сурат),
ЎзА