English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Ҳаётимни комбинатсиз тасаввур қилолмайман”
12:45 / 2024-01-19

Орамиздаги замондошларимиз

Навоий кон-металлургия комбинати жамоаси меҳнати доимо давлатимиз эътиборида ва ҳамиша ўз рағбатини топиб келаяпти. 2023 йил ноябрь ойида комбинатнинг 65 йиллиги арафасида Президентимиз фармонига мувофиқ, 20 нафар ҳамкасбимизнинг юксак давлат мукофотлари билан тақдирлангани бунинг исботи. Улар орасида Жанубий кон бошқармаси 4-гидрометаллургия заводи директори Асқар Зокировнинг ҳам борлиги, “Шуҳрат” медали билан мукофотлангани унинг ҳаётида унутилмас воқеа бўлди.  

Асқар ака ҳақида ҳамкасбларимиздан кўп эшитганман. Уни ёш, ҳаракатчан, келажаги бор мутахассис, дейишади. Аслида ҳам шундай. Чунки 28 ёшида 4-гидрометаллургия заводига бош муҳандис, 31 ёшида корхона раҳбарлигига тайинланиши кўпчилик, айниқса, ёшлар ҳаётида камдан-кам рўй берадиган ҳодиса. Қолаверса, унга билдирилган ишончдир. Зеро, катта заводни, жамоани бошқариш осон эмас. Фақат қобилиятли ва ташаббускор кишиларгина бунга қодир бўлади. Асқар Зокировда шундай иқтидор борлигини сезиб, раҳбарият уни масъулиятли лавозимга тайинлаганлиги ёш кадрларга эътибордан нишонадир.  

Асқар Зокировнинг ҳаёт йўли тенгдошлариникидан кескин фарқ қилмайди. У Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманидан келиб, Навоий кон-металлургия комбинатида ўз ўрнини топиб бораётган мутахассис.  

Унинг отаси Аҳмеджон ака ҳам Жанубий кон бошқармасининг қурилиш-таъмирлаш цехида қоровул бўлиб ишлаб, корхона ривожига камтарона меҳнати сингган, иззат-икром билан нафақага чиққан ҳамкасбларимиздан. Шу боисдан бўлса керак, Асқар ака кончилик ишига ҳавас қилиб, шу касбни танлашга қарор қилди. 2009 йилда Навоий давлат кончилик институти (ҳозирги Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети)ни кончилик электр механикаси йўналиши бўйича тамомлади. Иш фаолиятини “Зармитан” конининг Зармитан олтин саралаш участкаси бошқарув пульти операторлигидан бошлади. 2010 йилда участка барпо этилаётган 4-гидрометаллургия заводи таркибига ўтказилгандан буён унинг меҳнат фаолияти мазкур корхона билан чамбарчас боғлиқ. Ўтган давр мобайнида А.Зокиров лавозим пиллапояларидан дадил кўтарилиб, айни пайтда завод жамоасига раҳбарлик қилмоқда.  

– Биласизми, тақдиримни комбинатдан айро тасаввур қила олмайман, – дейди қаҳрамонимиз. – Меҳнат фаолиятим давомида салоҳиятли устозлар, кончи ва металлургларнинг ғамхўрлиги, маслаҳатлари билан кўп нарсаларни ўргандим. Касбимга меҳрим ошди, соҳанинг етук, тажрибали мутахассиси бўлиш, билим ва маҳоратимни шу йўлда сафарбар этиш бош мақсадимга айланди. Устозлардан одамлар билан ишлаш, уларни ягона мақсад сари йўналтириш сир-асрорларини ўрганаяпман. “Шуҳрат” медали билан тақдирланганим эса мени янада ғайрат билан ишлашга ундаяпти. Давлат мукофоти  бу юксак ишончдир. Бу ишончни оқлаш учун эса бор имкониятимни ишга солиб, амалий натижалар билан жавоб беришим кераклигини теран ҳис қиламан. Айни пайтда заводимиз комбинатнинг илғор корхоналаридан. Жамоамиз катта мақсадни кўзлаб меҳнат қилмоқда. Корхонамизда ишлаб чиқариш қувватини кўтариш, ярим тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини ошириб боришни мўлжаллаганмиз.  

Дарҳақиқат, бу мукофот қаҳрамонимизга куч-ғайрат бағишлаб, уни янги ғоялар, юксак марралар сари руҳлантиради. Зеро, эътибор ва эътироф юксак ғалабаларга йўл очади.  

 

Дилдора Каримова,

“Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ ходими.

ЎзА