Саиджон 5 ёшга тўлмасиданоқ шахмат ўйнамоқчи бўларди. Митти болакайнинг шахматга қизиқишини англаган ота-она унинг севимли машғулоти билан шуғулланишига имкон яратиб беришди.
Онаси Маҳлиё Зиёеванинг таъкидлашича, ўғлининг қизиқишларини кўриб, уни Фарғона шаҳридаги шахмат тўгарагига олиб бориб, истеъдодли мураббий Адҳамжон Эминовга шогирдликка берди.
Кейинроқ Фарғонада Тошкент шахмат академияси филиали очилди. Айни дамда Саиджон ўз ёш тоифасида шу академия ўқувчиси ҳисобланади. Бугунга қадар Саиджон кўплаб шаҳар ва вилоят даражасидаги мусобақаларда иштирок этиб, шаҳар босқичида ҳам, вилоят босқичида ҳам 1-ўринни эгаллади ва республика босқичига йўл олди. Бироқ кутилмаганда тоби қочиб, шифохонага тушиб қолди, унга жигар хавфли ўсмаси ташхиси қўйилди ва шу сабаб мусобақага бора олмади.

Жорий йил 14 май куни давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказига ташриф буюриб, у ерда даволанаётган болалар билан суҳбатлашиб, уларнинг ота-оналарига далда берди. Ташриф доирасида болалар давлат раҳбари билан ўз қизиқишларини ўртоқлашиб, улардан бири спортнинг шахмат турига қизиқишини маълум қилди.

Президент топшириғига мувофиқ ушбу шифохонада даволанаётган болаларга шахмат доскалари совға қилинди. Давлатимиз раҳбарининг бемор болажонларга аталган совғаларини Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов топширди. Соҳа мутахассислари бемор болалар билан биргаликда шахмат ўйнади ҳамда ўз тажрибалари билан ўртоқлашди.
Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази 66 ўринга эга бўлиб, афсуски, марказда Саиджон каби бемор болалар кўпчиликни ташкил этади.
Президент билан учрашув чоғида шахматга қизиқиши ҳақида айтган Саиджон Салимжонов Фарғона шаҳридаги 28-мактабнинг 3-«А» синфи ўқувчиси бўлиб, дарслардан кейин шахмат билан шуғулланган ва профессионал шахматчи бўлиш ҳақида орзу қилган. Шу ўринда, Саиджоннинг онаси Маҳлиё Зиёева шифокорларга миннатдорчилик билдириб, ўғлининг операциялари муваффақиятли ўтгани ва ҳозир операциядан кейинги даволаниш муолажалари олинаётганини маълум қилди.

– Кеча ҳурматли Юртбошимиз шифохонага ташриф буюрди, –дейди Маҳлиё Зиёева.–Мазкур ташриф бу ердаги барча бемор болалар ва оналарнинг қалбларига умид ва қувонч олиб келди. Саиджон ҳам кечадан бери “Ойи, шахмат ҳақидаги орзуларим амалга ошяпти” деб беҳад хурсанд. Касаллигини ҳам унутиб қўйди. Мана бугун бизга Президентимиз номидан профессионал шахмат доскаси совға қилинди. Шахмат бўйича мураббий бириктиришди ва ўғлимга шахмат бўйича барча дастурлар жамланган компьютер ҳам совға қилишларини эшитиб, бошимиз кўкка етди. Юртдошимизга бундай эътибор учун мингдан минг раҳмат. Насиб этса, фарзандим ўзининг севимли машғулоти шахмат билан шуғулланишни давом эттиради ҳамда Осиё ва жаҳон чемпионатларида иштирок этиб, Ўзбекистон байроғини баланд кўтаради, – дея қўшимча қилди Саиджоннинг онаси кўзларига ёш олиб.
Марказда даволанаётганлар орасида шахматга қизиқадиган болалар кўпчиликни ташкил қилар экан.
Шулардан яна бири Жиззах вилоятидан келган – Жасурбек Абдуғаниев бўлиб, у ҳам қизиқиши ва орзулари билан ўртоқлашди.
– Шахмат тўгарагига илк бор синфдошим билан борганман, –дейди Жасурбек Абдуғаниев.–Ўша вақтдан бошлаб шу спорт турига қизиқишим ортди. Тузалиб кетсам, шахмат билан шуғулланишни давом эттириб, яхши ўқиб, яхши ишга жойлашиб, ота-онамга ёрдам бериб, уй олиш орзуим бор.
– Мен футболга қизиқаман, – дейди яна бир бемор – бухоролик Озодбек Файзиев.– Испаниянинг «Барселона» клуби ўйинларини севиб томоша қиламан. Катта бўлсам, ички ишлар ходими бўлишни, милиция формасини кийишни орзу қиламан.
Бухоронинг Олот туманидан келиб, марказда даволанаётган Темурбек Ботиров эса дўстлари билан спорт майдонларига боришни, у ерда турли жисмоний машғулотлар билан шуғулланишини айтди.
Мухтасар айтганда, шифохонадаги болаларнинг қизиқишлари ва орзулари бир олам. Бемор болалар ота-оналарининг таъкидлашича, давлат раҳбарининг ташрифидан кейин фарзандларининг эртанги кунга бўлган умид ва ишончлари янада кучайган.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА