Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ва “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ ҳамкорлигида Миллий матбуот марказида истеъдодли журналист ва ёзувчи, "Олтин қалам" XVIII Миллий мукофоти учун халқаро танловнинг телевидение йўналиши бўйича 1-ўрин ғолиби Элёр Гўрўғлиевнинг “Ҳаётга қулоч оч” китоби тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбирда сўнгги йилларда юртимизда барча соҳалар каби миллий журналистикани ривожлантириш, ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини ошириш борасида ҳам тизимли ишлар олиб борилаётгани таъкидланди.
Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 муҳим ташаббуснинг тўртинчи йўналиши сифатида ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш алоҳида белгиланган.
Шунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 декабрдаги қарори билан “2020 — 2025 йилларда китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш миллий дастури” тасдиқланди.

Журналист ва ёзувчи Элёр Гўрўғлиевнинг “Ҳаётга қулоч оч” китоби тақдимоти ҳам шу йўналишдаги саъй-ҳаракатларнинг амалий ифодасидир.
Элёр Гўрўғлиев 1985 йил Сурхондарё вилояти Денов туманида таваллуд топган. Термиз давлат университетини тамомлаган.

Журналистнинг “Sevimli” телеканалидаги “Zamon” информацион дастури орқали фуқаролар мурожаатларини ўрганиш, уларни таҳлил қилиш, воқеа-ҳодисаларни ёритишда халқона, холис ёндашуви, информацион дастурлардаги чиқишлари кўпчиликка яқиндан таниш. Элёр Гўрўғлиев ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали жамиятда муҳокама қилинаётган муҳим мавзулар бўйича фаол фуқаролик позициясини билдириб келади.
Ёзувчи “Ҳаётга қулоч оч” китобида инсонларнинг ички дунёсини ва ҳаёт мураккабликларини ўзига хос усулда, ортиқча муболағаларсиз ифодалаган. Унинг қаҳрамонлари ўз мақсадлари йўлида тинимсиз курашувчи, боқимандаликдан холи, жамиятга ва атрофдагиларга фойда келтираётган инсонлар. Унинг асарларида ўз оиласининг даромадини ошириб, бошқаларга ҳам иш ўрни яратаётган бунёдкорлар улуғланади. Айнан шунинг учун ҳам ёзувчининг бу китоби "Бизнесни ривожлантириш банки" молиявий кўмагида нашр этилди.

Тақдимот тадбирида ижодкорлар ва жамоатчилик вакиллари ушбу мўъжаз китоб ўқувчилар учун ўзига хос маънавий туҳфа эканини эътироф этиб, муаллифни янги китоби билан қутлади.
Н.Усмонова,
ЎзА