Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳаётга кўчган китоб: “Титаник” фожиаси олдиндан башорат қилинганмиди?
12:12 / 2022-05-07

Дунёда сирли ҳодисалар кўп. Айниқса, айрим фильм ва китоблардаги воқеаларнинг вақт ўтиб, ҳаётда ҳам амалга ошиб қолиши ўша сирларга ишора қилса ажабмас.

Масалан, “Титаник” кемасининг дахшатли фожиаси содир бўлишидан 14 йил аввал ёзувчи Робертсон уни ўз романида тасвирлаганди. Энг қизиғи китоб ва ҳаётдаги ўхшашлик унча-мунча эмас, балки бутун тафсилотлари билан айнан бир хил эди...

Робертсон кундузлари қўлида блокноти билан Лондон кўчаларида айланиб юрар, кечқурунлари ўзининг ғарибона кулбасида шам ёруғида фантастик романлар ёзарди. Лекин унинг омади келавермасди. Ноширлар унинг ёввойи сайёрада яшовчиларнинг баҳайбат калтакессаклар ва динозаврлар билан қилган жанглари ҳақидаги асарларини босмас эдилар. Шундан сўнг у ҳаётга кўпроқ яқинлашиш керак, деган ниятда, Атлантика океанидаги воқеалар ҳақида ёзишга қарор қилади. Шундай қилиб,Робертсоннинг 1898 йилда “Беҳуда уриниш” номли романи нашрдан чиқди.

Романда тасвирланишича, Англияда океан оша сузувчи жуда катта ҳажмли лайнер яратишади. “Титан” деб аталган бу лайнерни сувга ботмайдиган энг тезюрар ва энг ҳашаматли, деб эълон қилишади. Ўша замоннинг устунлари бўлмиш миллионерлар лайнерда биринчилардан сафар қилиш бахтига муяссар бўладилар. Лайнер ўзининг биринчи сафаридаёқ апрелнинг совуқ тунларидан бирида сузиб юрган муз тоғига урилиб, океанга ғарқ бўлади. Қутқарув шлюпкаларининг камлиги туфайли кема бортида бўлган икки минг йўловчининг деярли кўпчилиги ҳалок бўлади. Шимолий атлантика инсоний туйғулар – қаҳрамонлик, аблахлик, одамгарчилик, қўрқоқликнинг ёрқин гувоҳи бўлади. 

Романнинг қайғули якуни кўпчилик инглизларга ёқмайди. Кўп ўтмай бу романни китобхонлар бутунлай унутадилар. Аммо орадан 14 йил ўтиб, кутилмаганда ўртамиёна обрўга эга Робертсоннинг номи Лондон матбуотларида тилга олина бошлайди. Сабаби Робертсон романида тасвирланган воқеа ҳақиқатан рўй беради.... 

РОМАН ВОҚЕАЛАРИНИНГ ҲАЁТГА КЎЧИШИ...

Эълон қилинган махсус ҳукумат ҳужжатида шундай дейилган эди: “Атлантика океанида денгизчилик йилномаларида сира учрамаган бахтсизлик рўй берди. “Уайт Стар” компаниясига қарашли “Титаник” пароходи 1912 йил 11 апрелда биринчи бор сузишга чиқди ва муз тоғига урилиб, чўкиб кетди. Охирги маълумотларга қараганда кемадаги 2 минг 800 одамдан 700 га яқини омон қолди”.

Инглизлар бу дахшатли воқеанинг Робертсон романидаги воқеага жуда ўхшашлигидан лол қолишади. Ахир ўхшашлик унча-мунча эмас, балки бутун тавсилотлари билан айнан эди. Мана, “Титан” билан “Титаник”ни солиштириб кўрайлик. Номи ҳам катталиги ҳам бирдек. Иккисида ҳам тўрттадан труба ва учтадан паррак. “Титан”нинг узунлиги 260 м. “Титаник”ники эса 268 м. Сув сиғими 70 минг тонна бўлса, “Титан”ники 66 минг тонна эди. “Титаник” қуввати 50 минг от кучи бўлса, буники 55 минг от кучига тенг бўлган. Энг юқори тезлик иккала кеманики ҳам 25 узел. Фалокат юз берган жой, вақт ва унинг сабаблари ҳам бир хил. Иккисида ҳам юқори табақага мансуб кишилар бўлган. Энг қизиғи, “Титан”даги сингари “Титаник”да ҳам қутқарув кемалари етишмайди.

Китобда тасвирлаган воқеаларнинг бекаму-кўст ҳаётда рўй бериши одамларни ўйлантириб қўяди. Газеталар Робертсонни келажакни олдиндан кўрувчи авлиё ҳамда бахтсизликни ато этувчи тақдирнавис, деб аташади. Кемада ҳалок бўлганлар бевалари ва етим қолганлар томонидан унинг номига аччиқ-аччиқ хатлар кела бошлайди. “Беҳуда уриниш” романини лаънатлайдилар, у китобни бошқа нашр этмайдилар. “Титаник” деган сўз бахтсизлик тимсоли бўлиб қолди.

ОДАМЗОД ҚУЛОҒИ ЭШИТМАГАН ФАРЁДЛАРГА ГУВОҲЛАР

Ўша мудхиш кеча. Ярим кечаси соат 2 дан 5 минут ўтганда “Титаник”дан охирги шлюпка жўнади. Тўполон ва саросима туфайли 1 минг 600 га яқин киши кемада қолди. Улар кема чўкканда ҳосил бўладиган гирдобда ҳалок бўлишга ёки совуқ сувда музлашга маҳкум эдилар. Фожианинг гувоҳи бўлган киши сўнгги дақиқаларни шундай ҳикоя қилади:

“Тунги соат 2 да кеманинг олдига қараб оғаётгани ва анча сувга ботганини кўрдик. Кеманинг қуйруғи секин-аста кўтарилиб боради. Салонларда чироқ ўчарди, сал ўтмай яна ёнади, сўнг бутунлай ўчиб қолди. “Титаник”нинг сувдан чиқиб турган 50 метрча танаси қорайиб кўринарди. Шунда одамзод қулоғи ҳеч қачон эшитмаган фарёдлар бошланди. Бу муздек сувда ўлим билан олишаётган ўртоқларимизнинг ёрдам сўраб қилган ноласи эди. Лекин биз ёрдам бера олмасдик”

“ТИТАНИК” ФОЖИАСИ РЎЙ БЕРМАСЛИГИ МУМКИН ЭДИ, АГАР...

Сафарга чиқишдан бир кун олдин “Титаник” “Нью Йорк” лайнери билан тўқнашиб кетишга оз қолади. “Нью Йорк” швартовкадан чиқиб кетган бўлиб, улар орасидаги масофа уч метр қолганда “Титаник” капитани кемани тўхтатишга муваффақ бўлади. Эҳтимол, ушбу тўқнашув юз берганда кема андак шикастланиб кейинги кунга фожиа юз бермаган бўлармиди?..

“БУ КЕМАНИ ХУДО ҲАМ ЧЎКТИРА ОЛМАЙДИ...”

Ҳалокатга сабаб бўлган “майда” шартлар кўп эди. Аммо ўз даврининг энг мукаммал технологик маҳсулоти бўлмиш бу “қусурсиз” кеманинг чўкиб кетишида тақдир тақозоси борлиги аниқ. Ўзини коинотда ягона куч деб эълон қилган ожиз инсон “Титаник” билан бирга океан тубига чўкди. Қоғоздан ясалгандек иккига бўлиниб, тезлик билан чўккан “Титаник” ҳақидадастлаб унинг капитани “бу кемани Худо ҳам чўктира олмайди”, деганди. Аммо фаразларнидоғда қолдириб, минглаб йўловчиси билан “Титаник”ғарқ бўлди.

ҲАЛОКАТГА САБАБЧИ ИККИ ЗИНОКОР(МИ?)

Шу ўринда машҳур “Титаник” фильмига тўхталсак: Фильмнинг бош қаҳрамонлари ҳам, ундаги машҳур қўшиқ ҳам кўпчилик учун севги-муҳаббат рамзига айланиб қолди, десак ёлғон бўлмайди. Хуллас, бу фильмни кўрмаган одам жуда кам бўлса керак.

Бироқ, биз фильмнинг сюжет чизиғига бошқа бир нуқтадан назар ташлаб, эътиборларингизни ана шу нуқтага жалб қилмоқчимиз. Қисқа қилиб айтадиган бўлсак, фильм муаллифлари ўзлари билмаган ҳолда (балки атайлаб шундай қилишгандир?) “Титаник” ҳалокатининг сабабини топишни томошабинлар фикрига ҳавола қилиб, калаванинг учини яққол кўрсатиб қўйгандек. Кўрган бўлсангиз, кемада кетаётган бадавлат оилага мансуб қизни мажбурлаб эрга беришаётган бўлади. Бунга оилавий муаммолар ҳам анчагина таъсир қилган. Севмаган одамига тегишга мажбур бўлиб, боши берк кўчага кириб қолган қиз ўзини сувга ташлаб, жонига қасд қилмоқчи ҳам бўлади. Ана шу пайтда бахтли тасодиф туфайли (агар буни бахт дейиш мумкин бўлса, албатта) кемага тушиб қолган йигит уни қутқариб қолади. Ҳозирги замон кино индустриясининг ёзилмаган қоидаларига кўра икки ёш бир-бирига кўнгил қўяди. 

Деярли унаштириб қўйилган, зодагон табақадан бўлган қиз бўлажак қайлиқнинг кўз ўнгида аллақандай ялангоёқ сураткаш йигитга илакишиб қолади. Ўша машъум тунда ошиқ-маъшуқлар кичикроқ шаҳардек келадиган бу улкан кема ичида шайтоннинг йўлига кирадилар. Воқеадан хабар топган қайлиқ ғазаб ва рашк ўтида уларни таъқиб қилади. Бой-бадавлат мижознинг таъқибига кема экипажи ҳам жалб қилинади. Эътибор берган бўлсангиз, айни ана шу воқеа сабабли кема рулини бошқариб бораётган денгизчилар айсбергни жуда кеч кўриб қолишади…

Инсон ақлининг беқиёс маҳсули бўлган улкан кема икки зинокорнинг каср-касофати туфайли ғарқ бўлган бўлса ажабмас. Бу гуноҳ романтика деган ялтироқ қоғозга ҳарчанд ўралмасин, унинг моҳияти ўзгариб қолмайди. Шунинг учун, бундай фильмларни оғзимиз очилиб, томоша қилиб ўтиравермай, ундаги воқеа-ҳодисаларни халқимизнинг миллий қадриятлари мезонига ҳам бир солиб кўрсак, фойдадан холи бўлмайди.

 

Аббос Йўлдошев тайёрлади.