Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳаётдан нолиш билан муаммолар ҳал бўлиб қолмайди
15:59 / 2022-01-31

Фарғона вилоятида «Аёллар дафтари» билан ишлаш тизимининг 3-босқичи тизимли давом этаётган бўлиб, барча маҳаллаларда ишчи гуруҳлар томонидан хотин-қизларнинг муаммолари хонадонма-хонадон юриш орқали ўрганилди.

766 минг 681 нафар хотин-қизлар тўлиқ хатловдан ўтказилиб, анкета-сўровномалар тўлдирилди. Айни пайтда дафтарга киритиладиганларнинг эҳтиёжмандлик даражаси таҳлил қилинмоқда. Ўтган даврда бу борада олиб борилган ишлар самарасида минглаб аёллар жамиятда ўз ўрнини топа олди, уларнинг муаммолари ҳал қилинди.  

Бувайда туманидаги «Қоратепа» маҳалла фуқаролар йиғинида умргузаронлик қилаётган Ўғилой Сайфутдинова ўттиз беш ёшда. Кичик жусса, камсуқум, оддий ва самимий. У ҳаётнинг оила деб аталмиш залворли юкини елкага олиб яшашга ҳаракат қилмоқда. Ҳаётидан нолигани йўқ. Жондан азиз фарзандлари, яқинлари бахти камоли йўлида меҳнат қиляпти, изланяпти. Ўғилой ишсизлиги учун «Аёллар дафтари»га киритилган. Шу боис унга замонавий тикув машинаси берилди. Ўзи бичиш-тикишга қизиққани учун бунинг ортидан рўзғорини бутлади. Бугунга келиб қалб қўри, меҳрига пайваста тикилган либослар харидоргир. Тикувчига буюртма берувчилар кундан кунга ортиб бормоқда. Натижада маҳалладаги ишсиз хотин-қизларни ҳам шогирдликка олди. Ўнлаб ёшларга тикувчилик, бичувчилик сирларини ўргатиб келмоқда. Албатта, бу сабр билан қилинган ҳалол меҳнат ва шукроналик маҳсули.  

– Маҳалладагилар келиб бандлик масаласида берган таклифларига бажонидил рози бўлдим. Турмуш ўртоғимнинг кунлик топгани, қайнонамнинг нафақаси билан тўрт фарзандни тарбиялаб элга қўшиш бирмунча мушкул эди, – дейди Ўғилой. – Ишлай десам, фарзандларим ёш. Тикувчилик малакасига эга эдим. Аммо замонавий тикув машинасини харид қилишга имкон топа олмаётгандик. Менга 12 чокли тикув машинаси беришди. Ишни аёллар либоси тикишдан бошладим. Кейинроқ маҳсулотларни бозорда сотишни йўлга қўйдим. Ҳозир шогирдларим билан болалар трикотажлари тайёрлаяпмиз. Буюртмалар ошиб боргани сари қўшимча дастгоҳлар харид қилдик, маҳалладаги хотин-қизлар учун янги иш ўринлари яратилди. Бир бир ойлик даромадимиз 5 миллион сўмдан ошади. Уйда ўтириб ҳам пул топиш мумкинлигига амин бўлдим. Аввалгидек кўчага гап сотиб ўтиришга вақт йўқ. Меҳнатга яраша даромад оляпмиз, дастурхонимиз бут.  

Ўғилой оилавий тадбиркорлик фаолиятини кенгайтиришни кўзлаб турибди. Шу мақсадда маҳалла фуқаролар йиғинидаги бўш турган хонада тикувчилик тармоғи ташкил қилишга киришди. Бу бир вақтнинг ўзида 20 нафар хотин-қизни иш билан таъминлаш имконини беради.  

«Қоратепа» тумандаги аҳоли зич жойлашган қишлоқлардан биридир. Маҳаллада томорқачилик, тикувчилик йўналишларини ривожлантиришга бўлган эътибор ортиб бормоқда. Ўтган йилнинг ўзида «Аёллар дафтари» га киритилган 57 нафар хотин-қизлар бандлиги таъминланди. Ишсиз тоифасида «Аёллар дафтари» га киритилган Моҳира Тошматова хонадони қисқа фурсатда мўъжаз ишлаб чиқариш тармоғига айланди. Бу ерда ўнга яқин бичиш, тикиш дастгоҳлари бир маромда ишлаб турибди. 

Болалар трикотажи, аёллар либоси, курткалар тайёрлаш йўлга қўйилган. Маҳаллий хом ашёлардан тайёрланаётган маҳсулотнинг бозори чаққон. Даромад ҳам шунга яраша бўлмоқда. Ишлаб топилган сармоянинг бир қисми фаолиятни ривожлантириш, қўшимча дастгоҳлар харид қилишга сарфланмоқда. Бугунги кунда оилавий корхонада 15 нафар маҳалла ёшлари «уста-шогирд» асосида ҳунар ўрганмоқда. Моҳира «дафтар»дан чиқиш билан бирга, маҳалладошларига яхши ҳақ тўланадиган иш таклиф қилмоқда. 

– Аёллар учун бахтли ва муносиб турмуш шароит яратиб беришга бўлган эътибор кундан кунга ортиб бормоқда, – дейди туман ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш туман бўлими бошлиғининг биринчи ўринбосари Дилафрўз Қосимова. – Шу кунга қадар ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз аёлларнинг 334 нафари доимий ишга жойлаштирилди. Тадбиркорлик йўналишида иш бошламоқчи бўлганларнинг 224 нафарига 2 миллиард 289 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилди, 193 нафари касбга ўқитилди. 

Томорқасида даромад олиш истагида бўлган 267 нафар аёлларга 448 миллион сўмлик ёрдам кўрсатилди. Яъни иссиқхоналар қуриб берилди, парранда тарқатилди. Уй-жойи таъмирга муҳтож, 1 гуруҳ ногиронлиги бўлган 8 нафар аёлларга манзилли ёрдам кўрсатилди. Боқувчисини йўқотган 291 нафар эҳтиёжмандларга «Аёллар дафтари» жамғармаси ҳисобидан 370 миллион 400 минг сўм моддий ёрдам кўрсатилди. Ўтган йил Бувайда туманида 4 минг 658 нафар хотин-қиз 9 тоифадаги «Аёллар дафтари»га киритилган эди. Олиб борилган амалий тадбирлар, ишлаб чиқилган «йўл харита» лари натижасида уларнинг барчасига тоифалар кесимида амалий ёрдам кўрсатилиб «дафтар» дан чиқарилди. Ҳаёт давом этар экан, унинг ўзига яраша муаммо ва камчиликлари «бўй» кўрсатиб туради.  

Юртимизда аҳоли муаммоларини бартараф этиш, инсон қадрини улуғлашга бўлган эътибор ва ғамхўрликлар ҳар қандай масалани ижобий ҳал этиш, аҳоли фаровонлигини таъминлаш имкониятини бераётгани билан аҳамиятлидир.  
 

М. Сулаймонов, ЎзА