Бугун халқаро ҳамжамият Ўзбекистон қишлоқ хўжалигидаги янги ислоҳотларга катта қизиқиш билан қарамоқда. Негаки, бугунги Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги драйвер соҳалардан бири сифатида эътироф этилмоқда. Қишлоқ хўжалиги ҳудудларини ривожлантириш ва аҳолининг турмуш даражасини юксалтиришга қаратилган ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Дунё давлатларидаги қишлоқ хўжалиги ҳудудлари шаҳарга нисбатан ҳали ҳам етарли даражада хизмат кўрсатиш билан таъминланмаган ва бир қатор муаммоларга дуч келаётган бир шароитда Ўзбекистон қишлоқ аҳолиси ҳаёт сифати ва даражасини ошириш, иш билан бандлигини таъминлаш чораларини кўрмоқда. Юртимизда қулай агробизнес муҳитини яратиш, соҳа бошқарувида давлат иштирокини камайтириш ва инвестициявий жозибадорликни ошириш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва атроф-муҳит муҳофазасини таъминлаш, қишлоқ хўжалигида илм-фан, таълим, ахборот ва маслаҳат хизматлари тизимини ривожлантириш масалаларига давлат сиёсатининг устувор йўналишлари сифатида қаралади.
Яқинда қабул қилинган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ҳам яқин йилларда қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг муҳим устувор йўналишларини ўз ичига олгани билан янада аҳамиятли бўлди. Негаки, унда халқчил ғоя ва ташаббусларни ўз ичига олган устувор мақсадлар қаторида қишлоқ хўжалигини ривожлантириш масаласига ҳам жиддий эътибор қаратилган. Хусусан, қишлоқ хўжалиги соҳасида экспорт ҳажмини ошириш, аграр соҳага инвестицияларни жалб қилиш, озуқабоп, доривор, мойли, дуккакли, шоли, ғалла, сабзавот, полиз экинлари экиш, интенсив боғ ва узумзорлар ташкил этиш, ер майдонларини ижара ҳуқуқини гаровга қўйиш механизмини жорий қилиш масалаларига ҳам жиддий эътибор қаратилгани эътиборга молик.
Шунингдек, Стратегияда белгиланганидек, ҳар бир туманда аграр соҳадаги илм ва инновациялар, янгича ёндашувлар, замонавий агротехник тадбирларни амалга оширишга кўмаклашувчи марказларнинг ташкил қилиниши, деҳқон ва фермер хўжаликлари ҳамда кластерларга барча субсидиялар ягона “Агросубсидия” платформаси орқали “бир қадам” тамойили асосида тақдим этилиши замирида соҳа меҳнаткашлари, айниқса, деҳқон ва фермерларга қаратилаётган эътибор ва ғамхўрлик бор..
Айтиш жоизки, Тошкент вилояти мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида ўз тажрибаси ва салоҳиятига эга бўлган ҳудудлардан бири ҳисобланади. Бугун вилоятдаги қайси бир фермер ва деҳқон билан суҳбатда бўлмайлик, яқин келажакда қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг устувор йўналишларини ўз ичига олган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгилаб берилган ҳаётбахш мақсадларни қувонч билан қарши олганини таъкидламоқда.
Мухтасар қилиб айтганда, келгуси етти йилдаги тараққиётимиз мезони бўлган мазкур Стратегия бевосита қишлоқ хўжалиги сектори билан боғлиқ бўлган миллионлаб кишилар ҳаётидаги улкан воқелик бўлди. Бу эса, ўз навбатида мамлакатдаги деҳқон ва фермерлар, агробизнес вакилларини фаол қўллаб-қувватловчи биз партия тизими ходимларига ҳам улкан масъулият юклайди. Келгусидаги фаолиятимизда ушбу ҳаётбахш мақсадларни амалга оширишга янада шижоаткорлик, ташаббускорлик, қолаверса, масъулият билан киришишга ундайди.
Тўлқинжон Файзиев,
O’zLiDeP Тошкент вилоят кенгаши раиси,
Халқ депутатлари Тошкент вилоят
Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи раҳбари.
ЎзА