Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Ҳаёт учун жой ажратинг” плоггинг акцияси ўтказилди
20:18 / 2025-09-20

“Бутунжаҳон тозалик куни” ҳар йили сентябрь ойининг учинчи шанбасида дунё мамлакатларида кенг нишонланади. Мазкур ташаббуснинг асосий мақсади аҳолининг эътиборини экологик муаммоларга қаратиш, чиқиндилар муаммосига бефарқ бўлмасликка чақириш ва жамоатчиликни атроф-муҳитни тоза сақлашга жалб қилишдан иборат.

Сирдарё вилоятида ҳам ушбу санага бағишланган тадбирлар ташкил этилди. Бугун вилоят Экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ташаббуси билан Гулистон шаҳрининг Тараққиёт маҳалласида “Ҳаёт учун жой ажратинг!” шиори остида оммавий плоггинг экологик акцияси старт олди.

Плоггинг – бу замонавий спорт тури бўлиб, югуриш ва чиқиндиларни йиғишни уйғунлаштиради. У нафақат инсон саломатлиги, балки табиат поклиги учун ҳам фойдали амалий ҳаракат сифатида тобора оммалашиб бормоқда.

Акцияда Экология бошқармаси масъуллари, вилоят прокуратураси, “Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш” вилоят бошқармаси, “Тоза ҳудуд” ДМ, Ободонлаштириш бошқармаси ва қатор ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирок этишди. Шунингдек, ОАВ ходимлари, экофаоллар ва маҳаллий аҳоли ҳам тадбирга қўшилди.

Дастлаб иштирокчиларга куннинг тарихи ва аҳамияти ҳақида маълумот берилди. Кейин барча иштирокчилар махсус қоп ва қўлқоплар билан таъминланиб, биргаликда маҳалла ҳудудини чиқиндилардан тозалашга киришдилар.

Акция давомида юзлаб килограмм маиший чиқиндилар йиғилди. Бу нафақат ҳудуднинг янада озода бўлиши, балки аҳолининг экологик онгини юксалтириш, табиатга эътиборли муносабатни тарғиб қилишда ҳам муҳим аҳамият касб этди.

Экологик акция “Табиатга ҳурмат – инсоннинг ўзига ҳурмат” деган ҳаётий ғояни яна бир бор ёдга солди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири