Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳаёт билан ҳамнафас шоира
11:26 / 2024-02-29

1 март – Ўзбекистон халқ шоири Зулфия таваллуд топган кун

Шоира Зулфияхоним лирик мероси билан ўзбек шеъриятига ўзгача руҳ ва пафосни олиб кирган ижодкордир. Унинг сермаҳсул ижод йўли, лирик мероси ўзига хос аҳамият ва бетакрорликка эга. Шеъриятида туйғулардаги самимийлик, сўз сеҳрининг жозибадорлиги ижтимоийлик билан уйғунлашган ҳолда, ўзбек аёлига хос назокат билан тараннум этилади.  

Зулфияхоним Исроилова узоқ йиллар “Саодат” журналида бўлим мудири, бош муҳаррир лавозимларда ишлаган. “Саодат” журналининг кенг журналхонлар оммасига кириб бориши ва журнал савиясининг юқори бўлишида Зулфияхонимнинг машаққатли меҳнати, сермаҳсул ижоди беқиёсдир. Турмуш ўртоғи Ҳамид Олимжондан 29 ёшида айрилган шоиранинг турмуш қийинчиликлари, ҳаёт машаққатларидан иродаси букилмади. Аксинча, ҳаётга, яшашга бўлган интилиши унинг оташнафас, гўзал шеърларида ва сермаҳсул ижодида ўз ифодасини топди.  

Шоиранинг “Ҳаёт варақлари”, “Қизлар қўшиғи”, “Уни Фарҳод дер эдилар”, “Ҳижрон кунларида”, “Куйларим сизга”, “Юрагимга яқин кишилар”, “Ойлар”, “Шалола”, “Тун”, “Ҳижрон”, “Менинг Ватаним”, “Баҳор келди сени сўроқлаб”, “Кўрганмидинг кўзларимда ёш”, “Чўпон”, “Лобар қизларга” каби шеър ва тўпламлари ҳақиқий ўзбек аёлининг гўзал ҳамда бетакрор сиймосини ёритиб берувчи бой маънавий мерос бўлди.  

Зулфияхоним шеърларида ўзига хос оҳанг ва жозибани кўрамиз, айни дамда, инсон руҳий олами учун маънавий поклик тараннумини ҳис қиламиз. Мана, “Рашк” шеърида қуйидагиларни ёзади:  

 Мен қуёшли эл фарзандиман,  

Бахтлиманки ёниқ нафас ёр.  

Ишқ ва ҳижрон оловларидан,  

Омон чиққан қайноқ дилим бор.  

Ушбу мисралар шоира қалбининг нозик жиҳатларини гўзал ташбеҳу сифатлаш орқали тасвирлар экан, китобхон дунёсига ўзига хос манзара чизади. Яъни “қуёшли юрт фарзанди” эканлиги уни ўтли ишқ ҳароратидан, ҳижроннинг аччиқ аламларидан асрай олди. Шунингдек, гўзал мисраларда  иродаси мустаҳкам ҳолда, ҳаётда уйғоқ қалб билан ёниб яшашга, аламу азоблар заҳридан чекинмасликка чорлов борлигини англаймиз.    

Ёки “Ойдинда” шеърида:  

Эҳ, умр ярмим ютиб,  

Ўтган тунлардами айб?  

Энди бу кўркни тутиб,  

Кундузга бермасам ҳайф?  

Умрнинг ғаниматлиги, ҳар бир дамни қадрлаш, ёруғ кунларга шукроналик туйғуси шоира қалбининг ўтли ҳарорати эди. Қарангки, ҳатто лирик қаҳрамон умрининг ярмини ютган тунларга айб қўйишни истамайди, аксинча, бу оламни тутгудек шижоат билан тунларини кундуз ва ёруғликка алмашади.  

Ҳаёт билан ҳамнафас шоира мустақиллик ва тинчликни бебаҳо неъмат сифатида қадрлаб, уруш сира бўлмаслигини истайди. “Ўғлим, сира бўлмайди уруш” дея баралла куйлайди:  

Уруш! Номинг ўчсин жаҳонда,  

Ҳамон битмас сен солган алам.  

Сен туфайли кўп хонадонда  

Ота номли буюк шодлик кам.  

Гарчи ушбу мисралар уруш йилларидаги инсонлар ҳаётини, улар қалбига солган сўнгсиз аламларни ифодалаган бўлса-да, аммо бугунги тинч замонни қадрлашдек буюк неъматни яна бир бор ёдга солади ва шукроналик туйғуси билан яшашга даъват этади.  

Ниҳоят, мустақиллик, ҳуррият шабадаларидан баҳраманд бўлган шоира тинч-осуда кунларга шукроналик туйғуси билан юрт, халқ, инсонлар бахтиёрлигини мазмунли, бетакрор мисраларда янада жўшқин ҳиссиёт билан ёниб куйлайди.  

Хусусан, “Хотирам синиқлари” достонида ёзади:    

Ҳуррият, келдингми, наҳотки келдинг!  

Келар йўлларингда пинҳона толдим.  

Менинг ота-онам, жон Ватанимда,  

Элим тақдирида абадий қолдинг…  

Лирик қаҳрамон, яъни шоира истиқлол, ҳуррият келишини интизор кутади ва бу йўлда пинҳона (мустабид даврда озодликка интилиш ва куйлаш ҳисси – Л.А) “толади”, ниҳоят, истиқлолдан шодланади ва бу ҳурриятнинг ота-она, Ватан ва эл ҳаёти, тақдири учун абадий қолишини истайди.          

Умуман, Зулфияхонимнинг лирик мероси бой ва ранг-барангдир. Унда ижтимоий воқелик, инсоний муносабатлар, инсоннинг қалб туғёнларидан тортиб, ўзбек аёлининг букилмас иродаси, яшашга, ҳаётга, инсонларга бўлган чексиз муҳаббати, вафою садоқати каби покиза туйғулар тараннумини кўрамиз.

Зулфия Исроилова – XX аср ўзбек шеъриятининг ёрқин куйчиси сифатида ҳар бир ўзбек аёли учун вафо ва садоқат, самимият тимсоли бўлиб, барҳаёт яшайверади.  

Лола Азимова, 

Ўзбекистон Халқаро ислом академияси

Ўзбек тили ва мумтоз шарқ адабиёти кафедраси 

катта ўқитувчиси, филология фанлари бўйича фалсафа доктори