Россия – Украина
АҚШнинг собиқ Президенти Дональд Трамп Британиянинг “GB News” телеканалига интервьюда “Оқ уйга қайтиб келсам, 24 соатда Украина можаросини ҳал қиламан”, деб такрор баёнот берди.
Қўшма Штатлар ўтган йилнинг февраль ойидан бери 35,7 миллиард доллар миқдорида Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатган. Бу ҳақда Пентагоннинг матбуот хизмати маълум қилган.
АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкеннинг “The Washington Post” нашрига берган баёнотида Украина зиддиятида Россия тинчлик музокаралари олиб боришга тайёр эмаслигини таъкидлаган.
“Самарали дипломатия олиб бориш ўрнига даҳшатли ҳужумларни кўрмоқдамиз”, деган вазир.
АҚШ томонидан Украинага ҳарбий ёрдамларнинг давом этиши, Пентагон махфий ҳужжатларининг ошкор этилиши Вашингтон ва Киев муносабатларига таъсир кўрсатмаганидан далолат беради. Бу ҳақда Оқ уй матбуот котиби Карин Жан-Пьер маълум қилди.
“Биз Украинанинг ўз ҳудудини ҳимояси учун қўллаб-қувватлашда давом этиш тўғрисида аниқ айтганмиз”.
Қўшма Штатлар маъмурияти Киев ҳокимиятининг Россия ҳудудларини ҳужумга тутишини қўлламайди, деди Жан-Пьер.
Кремль матбуот хизмати 3 майга ўтар кечаси Киев иккита учувчисиз учоқлар ёрдамида ҳужум уюштиришга ҳаракат қилганини айтган эди. “Учоқлар ҳаракати тўхтатилган, инсонлар зарар кўрмаган, биноларга моддий зарар етказилмаган”, деб баёнот берган эди.
Украина Президенти Владимир Зеленский ҳам 3 май куни Москвада Кремлга учувчисиз жиҳозларда уюштирилган ҳужумда Украинанинг алоқаси борлигини рад этиб чиққан эди.
“Politico” газетаси мухбири Лара Селигманнинг тасдиқлашича, Американинг ҳаво ҳужумига қарши “Patriot” мудофаа мажмуаси ўтган ҳафта Украинага етказиб берилган.
Италия ҳукумати Ватиканнинг “тинчлик миссияси” ҳақида аниқ маълумотларга эга эмас. Бу ҳақда мамлакат Бош вазир ўринбосари, ташқи ишлар вазири Антонио Таяни баёнот берди.
“Rai 3” телеканалига суҳбат чоғида ТИВ раҳбари Рим Папаси Франциск аввалроқ “миссия” ҳақида гапириб чиққан эди. Аммо Ватиканнинг Россия ва Украина дипломатик алоқалар олиб бораётгани тўғрисида аниқ хабарлар берилмаган”, деган.
Венгриянинг Давлат Мажлиси (парламенти) Украина ҳудудида давом этаётган зиддият муносабати билан мамлакатда ҳукм суриб келаётган фавқулодда ҳолат режимини яна ярим йилга узайтириш тўғрисида қонун лойиҳасини қабул қилди.
Президент Зеленский 3 май куни Финляндия давлат раҳбари Саули Ниинистё таклифига биноан Хельсинкига келган. Музокараларда икки томонлама муносабатларни ривожлантириш, глобал геосиёсий вазият муҳокамаси билан бирга Украина атрофидаги зиддият кўриб чиқилган, деб фин томони матбуот хизмати маълум қилган.
Украина етакчи, шунингдек, Финляндия, Швеция, Норвегия, Дания ва Исландия Бош вазирлари иштирок этадиган “Шимолий Европа ва Украина” саммитида иштирок этади.
Зеленский 14 май куни нуфузли Буюк Карл мукофотини қабул қилиб олиш учун Германияга боради. Маросимда Европа Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен ва Польша Президенти Матеуш Моравецкий қатнашиши айтилмоқда.
Етакчи Зеленскийнинг баёнотига кўра, Украина Финляндия ва Швециядан кейин 33-бўлиб НАТОга аъзо бўлиб киради.
У ҳарбий амалиётлар давом этаётган бир пайтда Шимолий Атлантика альянсига қўшилиш тўғрисида гапириш ўринли эмаслигини таъкидлаган.
Олий Рада Россия ва Совет Иттифоқи билан боғлиқ монументларни олиб ташлаш жараёнини енгиллаштириш тўғрисида қонунни қабул қилди. Бу ҳақда Украина Ахборот сиёсати ва маданияти вазири Александр Ткаченко маълум қилган.
Парламент сессиясида “Маданий мероснинг муҳофазаси” тўғрисидаги қонунга ўзгартишларни депутатлар бир овоздан қўллашган.
Украинада бундай ҳайкалларни қўпориб ташлаш 2015 йилда бошланган. 2022 йилнинг бошигача мамлакат ҳокимияти 2,5 мингга яқин Россия ва советлар билан боғлиқ ҳайкалларни ағдариб ташлаган.
Шунингдек, 900 дан ошиқ аҳоли пунктлари ва 50 мингга яқин кўча номлари ўзгартирилган.
Аброр ХОН,
ЎзА