Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Ҳайитлик”нинг ўлчови борми?
11:48 / 2021-05-10

Мусулмон оламида Рамазон ойи энг улуғ ойлардан. Ушбу муборак ой кун сайин охирлаб, Рамазон ҳайити яқинлашиб келмоқда.

Мусулмончиликда Рамазон ва Қурбон ҳайитлари энг катта байрамлар ҳисобланади. Биз Ҳайит байрами деб атаётган байрам араб тилида “ийд” – яъни “қайтиш”, “такрор келиш” маъноларини англатади. Бу байрам қайта-қайта келгани учун мазкур ном билан аталган. Баъзи уламолар: “Бу байрам инсонларга уларнинг қийинчилик ва ғам-ташвишларига қарамасдан ҳар йили уларга хурсандчилик ва шодлик билан қайта-қайта келгани учун “ийд” деб номланган”, деганлар. Ҳайит байрамлари барча мусулмонлар ўзаро шодлик ва хурсандчилик изҳор қиладиган кунлар ҳисобланади.  

Аммо сўнгги пайтларда кераксиз дабдабаю исрофгарчилик, айрим кимсаларнинг ҳою ҳаваслар кетидан қувиши оқибатида улуғ байрам ортидан қуда-андаю, қайнона-келинларнинг ўзаро келишмовчиликлари ҳам учраб турибди. Айниқса, янги тушган келинлар ҳамда янги туғилган чақалоқлар учун “ҳайитлик” юбориш машмашаси айрим кўнгилхираликларни юзага келтираётгани сир эмас.  

Тошкент шаҳридаги Олмазор тумани Оқолтин маҳалласида яшовчи бир аёл билан суҳбатлашиб қолдим. Исми-шарифини ошкор этишимни истамаган аёл қизини узатгандан сўнг қудалари “ҳайитлик”ни ками-кўстсиз олиб келишни айтишганидан гап очди. Бу ўтган йилги Қурбон ҳайити арафасидаги воқеа. Аёлнинг айтишича, оилавий шароитлари ўртамиёна, ўзи қиз узатишганига кўп бўлмаган, яна карантин сабаб молиявий аҳволи янада қийинлашиб қолган бир вазият. Аммо қуда хола шароиту ҳолатга, ҳеч бир гапга қарамай, ўз талабларини келин орқали етказишда давом этибди.  

“Қизимнинг тинчи, бахти учун қариндош-уруғлардан, танишлардан қарз олиб бўлсаям, қудамнинг хоҳиш-истагини бажаришга ҳаракат қилдик”, дейди аёл. “Ҳайитлик тоғораларию сарпо-суруқлар қилиб бордик. Аммо қудамизнинг кўнгилларидагидек қилолмабмиз – кунда-кунора гап-сўз, “чақиб” олишлардан қизимнинг боши чиқмай қолди. Бу ёқда эса биз қарзга ботиб қолганмиз. Қизимнинг айтишига қараганда, олиб борган тоғора-тоғора овқатлару пишириқларнинг қанчаси айниб-ачиб қолган, сарполарнинг ҳам бир қисмини сандиқ ҳузурини кўриб ётибди экан. Ўйлаб қоламан, шунча исрофгарчиликнинг кимга, нимага кераги бор?! Муҳими, фарзандларимизнинг бахту саодати эмасми?”

Ҳақиқатан ҳам бу каби ҳолатлар ҳаётимизда учраб туради. Кимларгадир кўз-кўз қилиш, мақтаниш мақсадида қуда томонни катта харажатга тушириб, ўрни келса, қарзга кўмиб “ҳайитлик” талаб қилиш мусулмончиликнинг ҳеч бир ўлчовига тўғри келмаса керак.

– Муборак Ҳайит кунларида мўминлар Аллоҳ таолога берган сон-саноқсиз неъматлари учун шукрона сифатида садақаи фитрларни берадилар, қурбонлик қиладилар, – дейди Бўка туманидаги “Тошлоқ” жоме масжиди имом хатиби Холмамат домла Хуррамов.– Ҳайит байрами ибодат ва шукрона кунлари, хурсандчилик ва шодлик кунларидир. Шунга кўра Ҳайит байрамида сайлгоҳларга чиқиш, қавму қариндошларни зиёрат қилиш билан бу кундаги умумий хурсандчиликлар доираси кенгаяди, уларга совғалар ҳам улашиладиган бўлса, ўзаро меҳр-муҳаббат ришталари мустаҳкамланиб шоду хуррамликлар янада зиёда бўлади. Мусулмон киши Ҳайит кунларида имкон қадар қавму қариндошларга, хусусан, муҳтожларга хурсандчилик улашишга ҳаракат қилиши мақсадга мувофиқ бўлади.

Аммо бунинг ҳам ўз чегараси бор. Бу хурсандчиликни, совға-салом улашишни иллатга айлантириш жоиз эмас. Исрофгарчиликка, дабдабага йўл қўймаслик лозим. Шу ўринда бир араб йигитининг ҳикоясини келтирсам. У саноатлашган, ўта ривожланган, маҳсулотларнинг энг саралари ишлаб чиқариладиган давлат – Олмонияга борганида танишлари билан ресторанда зиёфат уюштиради. У ерда ўтирган хўрандаларнинг олдида иккита тарелкада овқат ва иккита ичимликдан бошқа нарса йўқ. Ҳалиги йигитлар эса қоринлари очқаб кетганидан кўпроқ овқатга буюртма беришади. Овқатланиб бўлиб, туриб кетаётганида овқатнинг деярли учдан бири тарелкада ортиб қолган эди. Ресторан эшигида эса кўп овқат қолдириб кетаётганларидан норозилик билдиришибди. Йигитлар “Ўзимиз буюртма берган овқат, пулини тўладик, сизларга дахли бўлмаган нарсага нега аралашасизлар?!” дейишибди. Шунда ўзини “Ижтимоий таъминот муассасаси”нинг зобити деб таништирган киши уларга 50 марка жарима солган ва “Ортиб қолмаслигига кўзларинг етган таомни буюртма беринглар, пул ўзларингники, лекин ресурслар барчаники. Дунёда кўплаб одамлар ресурс, озиқ-овқат тақчиллигига дуч келмоқда, сизлар эса исроф қиляпсизлар", деб жавоб қайтарган экан. Унинг гаплари тўғри эди – “Пул ўзингники, лекин ресурслар барчаники!”.  

Бу ҳикматни ҳар сафар овқатланганимизда ёки электр, газ, сув ва ҳоказоларни ишлатаётганимизда ҳам эслашимиз керак. Ресурсларнинг барчаси Аллоҳнинг неъмати. Агар биз уни исроф қилиб юборсак, оқибатда унга зор бўлиб қолишимиз тайин. Уни ато қилган Роббимизга шукр қилиб, уни тежаб, керагича ишлатсак, Роббимиз уни яна ҳам зиёда қилади. Аллоҳ таоло марҳамат қилган:

“Еб-ичинг, (лекин) исроф қилманг! Чунки У зот исроф қилувчиларни севмас!”, (Аъроф, 31). Демак, ҳеч қандай баҳонаи сабаб билан исрофгарчиликка йўл қўймаслигимиз лозим.  

Дарҳақиқат, исрофгарчилик энг ёмон иллатлардан бири. “Ҳайитлик” юборилган келин хонадонидаги тўкин-сочин дастурхонлар тўқчиликдан, осойишталигу фаровонликдан дарак. Аммо ҳамма нарсада меъёр бўлиши лозим. Исрофгарчиликка, дабдабалар ортидан қувиб, кимнидир чорасиз қолдиришга ҳаққимиз йўқ. Муборак ҳайит айёмини иллатга айлантирмайлик, ҳақиқий мусулмончилик байрами сифатида хурсандчилик қилайлик.  

 

Муҳтарама Комилова, ЎзА