Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳайит намозлари ўқиладиган пайтда хавфсизлик қандай таъминланади?
14:27 / 2024-04-09

Куни кеча давлатимиз раҳбарининг «Муборак Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида»ги қарори эълон қилинди. Қарорга асосан эртага – 10 апрель куни юртимиз бўйлаб Рамазон ҳайити кенг нишонланади. Республикамиз ҳудудидаги жами 2 минг 76 масжидда ҳайит намозлари ўқилади.

Ҳайит намозлари ўқиладиган пайтда хавфсизлик қандай таъминланади? Бу саволга Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти ахборот хизмати раҳбари Музифа Султонова жавоб берди: 

– Масжидлар ва уларнинг атрофидаги ҳудудларда фуқароларнинг хавфсизлиги таъминланиб, жамоат тартибининг бузилиши ҳамда фавқулодда ҳолатлар содир этилишига йўл қўйилмаслиги тўлиқ назоратга олинган. 

Намоз ўқиладиган масжидларда жамоат тартибини сақлаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлашга жами 12 минг 374 нафар ички ишлар органлари, 2 минг 771 нафар Миллий гвардия ва 2 минг 622 нафар Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари ва ҳарбий хизматчилар жалб этилган. 

Уларга хизматда фойдаланиш учун 7 минг 352 алоқа ва 2 минг 433 автотранспорт воситаси, 4 минг 845 металлодетектор бириктирилди ҳамда 372 та хизмат итлари ажратилди. Шунингдек, республикадаги барча ЙПХ масканларининг иш фаолияти кучайтирилган тартибга ўтказилди.

Бевосита автомобиль йўлларига ёндош жойлашган масжидлар атрофидаги йўлларда транспорт воситаларининг ҳаракатини вақтинчалик чеклаш чоралари кўрилиб, фуқаролар ҳаёти ва саломатлигига зарар етказиши мумкин бўлган ҳаракатлар содир этилишининг олдини олиш мақсадида масжидларга кириш жойларида бетон ёки металл тўсиқлар ўрнатилган ҳолда, масжидлардан 150 метр узоқликда алоҳида автотураргоҳлар ташкил этилган. 

Бу борада юртдошларимиз ва республикамиз меҳмонларидан йўл-патруль хизмати ходимлари кўрсатган йўналишларда ҳаракатланишларини ва ҳайит намозидан сўнг ушбу ҳудудларда ҳаракат чекланганлиги сабабли, тартиб билан тарқалишларини сўраб қоламиз.

Бугунги кунда республикамиз ҳудудида 100 дан ортиқ объектларда, булар бозорлар, йирик савдо ва кўнгилочар дам олиш мажмуалари ҳамда фуқаролар гавжум бўладиган бошқа жойларда жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида тақсимотга асосан 1000 нафардан ортиқ ИИВ ва Миллий гвардиянинг ҳудудий бўлинмалари шахсий таркиби, шунингдек, кинолог ходимлар 100 дан ортиқ хизмат итлари билан хизматга жалб этилган. Қолаверса, мажмуаларда ўрнатилган барча видео-кузатув камералари ички ишлар органларининг ситуацион марказларига интеграция қилиниб, туну-кун назорат қилинмоқда. 

Асосий эътибор ушбу жойларда фуқароларнинг тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда турли хил кўнгилсиз ва фавқулодда ҳодисаларнинг содир этилишига йўл қўймасликка қаратилган.

Н.Абдураимова, ЎзА