ЎзА аввал хабар берганидек, шу кунларда Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги Мажлис ал-Аъён Раиси Файсал Ақиф Мисқал ал-Фаёз бошчилигидаги делигация мамлакатимизда бўлиб турибди.
Ташриф доирасида бугун Тошкентдаги Ислом цивилизацияси марказига борган меҳмонлар мажмуадаги нодир экспозициялар, ноёб тарихий ёдгорликлар ҳамда мамлакатимиз бой маданий-маънавий мероси билан яқиндан танишди. Уларга Ўзбекистон тарихи, ислом цивилизациясининг шаклланиши ва ривожланиши, заминимиздан етишиб чиққан буюк аллома ва мутафаккирларнинг жаҳон тамаддунига қўшган ҳиссаси ҳақида атрофлича маълумот берилди.
[gallery-27476]
Делегация аъзолари “Қурон залида”ги Усмон Мусҳафи, қўлёзма манбалар, тарихий артефактлар, шунингдек ислом илм-фани, маданияти ва санъатига оид машҳур экспонатлар билан танишдилар.
Марказнинг тарихий меросни замонавий, инновацион ва рақамли ечимлар орқали тақдим этиш концепцияси меҳмонларда илиқ таассурот қолдирди.
Хусусан, Иордания Сенати Маданият, ёшлар ва спорт қўмитаси раҳбари Ҳайфа Нажжор марказ фаолиятига юқори баҳо берди:
[gallery-27477]
– Ушбу мажмуа нафақат ислом олами ёки Марказий Осиё, балки бутун дунё учун муҳим аҳамиятга эга. Марказни, таъбир жоиз бўлса, донишмандлик маркази, деб атаган бўлардим. Бу ерда жаҳоннинг турли цивилизацияларига доир чуқур ва теран тарихий даврлар қатлами замонавий Янги Ўзбекистон билан уйғун ҳолда намоён этилган.
Унинг таъкидлашича, марказ экспозициялари ташриф буюрувчиларга юртимиз тарихи, исломнинг ҳақиқий моҳияти, илм-фан, маданият, санъат ва эстетика билан узвий боғлиқлигини яхлит, жозибали тарзда очиб беради.
Шунингдек, иорданияликлар мажмуада тарихий мерос, санъат ва рақамли технологиялар муваффақиятли уйғунлаштирилганини ҳам юқори баҳоладилар.
Дилшод Ҳакимов, Фарход Абдурасулов, Ўктам Ҳайитов (сурат), ЎзА