Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳавони табиий равишда тозалайдиган ягона восита бу – яшил дарахтзорлардир
20:28 / 2022-10-21

Жорий йилнинг 20 октябридан 1 декабрига қадар мамлакатимизда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида долзарб 40 кунлик кўчат экиш тадбирлари бўлиб ўтмоқда.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Азизбек КАЛИМБЕТОВ ЎзА мухбирига атмосфера ҳавосининг кескин ифлосланишига сабаб бўлаётган омилллар ва бунда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг аҳамияти ҳақида қуйидагиларни гапириб берди.

– Бугун мамлакатимизда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси асосида кузги кўчат экиш бўйича долзарб 40 кунлик доирасида кўчат экишнинг иккинчи кунги тадбирлари давом эттирилмоқда, – деди А. Калимбетов. – Албатта, бундай тадбирлар она табиатимизни асрашга хизмат қилиши билан муҳимдир.

Фикрим исботи сифатида айрим рақамларга аҳамият қаратсам. Масалан, инсон организми учун энг қулай муҳит – бу ҳаво ҳароратининг +20, +22 градус, намлигининг 40-60 фоизга тенг бўлиши, шунингдек, атмосфера ҳавосининг ионлар билан бойитилган бўлишидир.

Урбанизация жараёни атмосфера ҳавосининг кескин ифлосланишига сабаб бўлмоқда. Автомашиналардан чиқадиган ифлос газлар, саноат корхоналари чиқиндилари ҳаводаги зарарли чанг миқдорларини ошириб юборган.

Кислородни энг кўп истеъмол қилувчилар ҳам айнан саноат корхоналари ва транспорт воситалари ҳисобланади. Бу воситалар ҳавонинг оптимал таркибини бузади, ундаги ҳароратнинг кескин ошишига сабаб бўлади.

Ҳавони табиий равишда тозалайдиган ягона восита бу – яшил дарахтзорлардир. Фотосинтез жараёнида бир гектар яшил дарахтзор ажратадиган кислород 200 кишининг бемалол нафас олиши учун етарли бўлади. Шунинг билан бирга, ушбу жараёнда ўсимлик ҳар соатда 8 кг гача углекислота газини ютади. Бошқача қилиб айтганда, шаҳар ҳавосининг оптимал миқдорда сақланиб туриши учун ҳар бир одам учун 50 кв.метр яшил дарахтзор бўлиши лозим.

Шу билан бирга, шаҳарлардаги радиацион ҳароратни пасайтиришда яшил дарахтларнинг аҳамияти катта. Ҳаво намлиги ҳам йилнинг қуруқ фаслида, дарахтлар атрофида очиқ жойдагига нисбатан 4-7 фоизга юқори, сернам фаслларда эса анча паст, чунки иссиқлик туфайли баргларда транспирация кучаяди, ҳаводаги намлик кўп бўлганда барглар уни ўзлаштиради.

Яшил дарахтзорлар ўзлари орқали ўтадиган шамол тезлигини 3 мартага пасайтиради. Шамол кучайгани сари уларнинг пасайиш коэффициенти шунча юқори бўлади. Бу эса ўша ҳудуддаги чанг-тўзонларнинг атрофга тарқалишининг олдини олади.

Ўзбекистонда аҳоли яшайдиган манзилларнинг аксариятида ёз ойлари ҳавода чанг миқдори кўп бўлади. Бунда, бошқа табиий омиллар билан бир қаторда саноат корхоналарининг кўпайиши, автомобиллар сонининг кескин ошиб бориши ҳам атмосфера ҳавоси таркибидаги зарарли газ ва чиқиндилар миқдорини меъёрдан анча ошиб кетишига олиб келмоқда. Кўкаламзорлаштириш талаблари тўлиқ бажарилганда, унинг ёрдамида ҳавони чангдан имкон қадар яхши тозалаш мумкин.

Яшил дарахтзорларнинг ҳавони тозалаш бўйича самарадорлиги уларни муҳандислик коммуникацияларига мос ҳолда ва ўсимликларнинг биоэкологик хусусиятларини эътиборга олиб жойлаштириш билан боғлиқ.

Санитария мақсадида яшил дарахтзорлар барпо этилаётганда ҳудуднинг шамол режими ва унинг характери, атмосферага ташланаётган чиқиндиларнинг миқдори, ер сатҳидан баландлиги, химиявий ва физикавий таркибини эътиборга олиш лозим.

Дарахтларни экишда, шох-шаббаси катта, унинг барглари осилиб турадиган дарахт турлари чангларни яхши тутиб қолади ва ютади. Уларда ҳатто зарарли кимёвий бирикмаларни, айниқса, углеводородларни ютиш ва қайта ишлаш имконияти мавжуд.

Қор кам бўлган қишларда ва эрта баҳорда ҳам аҳоли яшайдиган манзилларда чангнинг миқдори юқори бўлади. Япроқлар ўз баргини ташлаган бу пайтда ушбу вазифани нинабарглилар бажаради.

Яшил дарахтзорлар ўзининг санитария-гигиеник вазифасини тўлиқ бажариши учун етарли катталикдаги массивлар ташкил қилиниши ҳамда ўсимликларнинг атроф-муҳитга бўлган табиий талаблардан келиб чиқиб яратилиши зарур.

Дарахтларни жойлаштиришда уларнинг экологик ва биологик хусусиятлари: ёруғлик, тупроқ ва намликка талаби, макон ва замонда дарахтларнинг бир-бирига ўзаро таъсири эътиборга олиниши керак.

Муҳими, дарахтлар ўзаро зич бўлмаслиги, акс ҳолда, кислород ажратиб чиқариш хусусияти сусаяди. Ёруғлик етарли бўлгандагина ўсимликда фотосинтез жараёни жадал кечади ва натижада зарарли газларни яхши ютади ҳамда кўп кислород ажратиб чиқаради. Дарахтларни экишда уларнинг орасидаги масофа 5-6 метрдан кам бўлмаслиги лозим.

Юқорида таҳлиллардан келиб чиқиб, ҳурматли фуқароларимиздан ушбу “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экиш тадбирларида фаол қатнашиб, юқоридаги тавсияларга амал қилишларини сўраб қолар эдик.

ЎзА мухбири Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА ёзиб олди.