Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳавони ифлослантиргани учун қўшма корхонанинг фаолияти тўхтатилди
15:47 / 2022-01-25

Навоий вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси “Carbide impex plyus” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхонасининг фаолиятини вақтинча тўхтатишни сўраб, судга ариза билан мурожаат қилди.

Аризада келтирилишича, “Carbide impex plyus” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхонаси ишлаб чиқариш фаолиятининг атроф-муҳитга таъсири ва ўз фаолиятида экологияга оид қонун ҳужжатлари нормаларига риоя этилиши текширилган. Текшириш давомида корхона томонидан бир қатор хато-камчиликларга йўл қўйилганлиги, бу тўғрисида далолатнома расмийлаштирилиб, мазкур далолатномада бажарилиши шарт бўлган талаблар ва уларни ижро қилиш муддатлари белгиланган.

Жумладан, корхона давлат экологик экспертиза хулосасисиз фаолият юритган, оқова сув ҳамда ҳосил булган чиқиндилар белгиланган жойга – ҳудуддан ташқарига жойлаштирилмаган, чанг газ тозалаш ускуналарсиз фаолият юритаётган бўлган.

Шунингдек, Навоий вилояти Гидрометеорология бошқармаси томонидан 2021 йилнинг 2 ва 20 декабрь кунлари жавобгарнинг Зарафшон шаҳар Саноат зонаси ҳудудидаги ишлаб чиқариш фаолияти яқинидаги атмосферадан олинган намуналар бўйича таҳлил натижаларида ҳам ҳавога зарарли ташланмалар миқдорининг меъёридан ортиқлиги аниқланган.

Аммо МЧЖ томонидан далолатномаларда кўрсатилган талаблар бажарилмаган, шунингдек, экология экспертизасининг ижобий хулосаси тақдим этилмаган. Экологияга оид қонун ҳужжатлари талаблари бўйича “Carbide impex plyus” МЧЖ фаолиятини суд тартибида тўхтатиб туриш чоралари кўрилмаган. Шунга қарамасдан корхона ўз фаолиятини 2021 йилнинг октябрь-ноябрь ойидан қайтадан йўлга қўйганлиги аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўлган.

Вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси судга МЧЖ бир неча маротаба фаолиятини экологияга оид амалдаги қонун ҳужжатлари асосида амалга ошириши тўғрисида огоҳлантирилганлиги, лекин корхона томонидан далолатномада кўрсатилган талаблар бажарилмасдан келинаётгани сабабли “Carbide impex plyus” МЧЖнинг фаолиятини далолатномада қайд этилган кўрсатмалар бажарилгунига қадар тўхтатиб туриш юзасидан мурожаат қилган.

Зарафшон туманлараро иктисодий суди томонидан Навоий вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг аризаси қаноатлантирилди ва “Carbide impex plyus” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхонанинг Зарафшон шаҳар Саноат зонаси ҳудудидаги карбид кальций ва ферромарганец маҳсулоти ишлаб чиқариш фаолияти Навоий вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан 2020 йил декабрь ойида тузилган далолатномалари ва ва Зарафшон шаҳар инспекциясининг 2021 йил 22 ноябрдаги 01-23/215-сонли хатида кўрсатиб ўтилган ҳолатлар бартараф этилгунига қадар тўхтатилди.

 

Абдували Бўриев, ЎзА