Маълумки, ҳаво – энг арзон ва энг қиммат табиат бойлиги. Айни кунларда буни янада чуқурроқ ҳис қилиб турибмиз. Ўзбекистонда ҳаво сифати ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш долзарб вазифага айланди.
Жорий йилнинг 18 ноябрь куни Президент томонидан қабул қилинган “Экология ва туризм соҳаларида аҳоли талабларига тезкор жавоб бера оладиган бошқарув тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармон ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор билан экология ва туризм соҳасини бошқаришда туб янгиланишлар амалга оширилди. Бу ўзгаришлар экологик муаммоларга тезкор жавоб бериш, табиатни муҳофаза қилиш, чиқиндилар билан ишлаш, ҳаво сифати, яшил ҳудудлар ва туризмни ривожлантириш каби соҳаларда янги, замонавий ва самарали тизимни барпо этишга қаратилган.
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида қўшимча равишда жами майдони 100 гектардан кам бўлмаган ботаника ва дендрология боғларини ташкил этиш белгиланди.
Бизга берилган ҳар бир дарахт – нафас олиш ва ҳаёт учун имконият эканлигини унутмаслигимиз керак.
2026 йилдан бошлаб ҳуқуқбузарликлар учун юридик шахсларга молиявий санкцияларнинг жорий этилиши экологик қонунчиликнинг самарадорлигини таъминлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдиндан олдини олишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Ҳукумат бу ҳолатни диққат марказига олди ва бир қатор амалий чоралар белгилаб берилди. Эндиликда экология вазирлиги тугатилиб, ўрнига тўлиқ мустақил ва тезкор бўлган Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ташкил этилди. Шунингдек, илк бора янги тузилма яъни, Экополиция йўлга қўйилди. “Тоза ҳаво”, “Чиқиндидан холи ҳудуд”, “Яшил макон” лойиҳалари кенг кўламда амалга оширилади.
Шунингдек, 2026 йилдан барча йирик корхоналар фон мониторинг станциялари ўрнатиши мажбурий бўлади. Дарахт кесиш, экологик экспертизадан истисно қилиш каби ҳолатларга қатъий тақиқ жорий этилди.
Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида 100 гектардан кам бўлмаган ботаника ва дендрология боғлари ташкил қилинади. Янги табиий ҳудудлар ва маҳаллий табиат боғлари асосий муҳофаза режимига эга бўлади. Шу асосда умуммиллий лойиҳалар ва экологик тарбия яъни, “эко-маданият” — аҳоли орасида экологик ҳаёт тарзи ва эко-одатларни шакллантириш йўлга қўйилмоқда.
Бу каби экологик ислоҳотлар нафақат ҳаво сифати ва атроф-муҳитни яхшилашга қаратилган, балки аҳоли саломатлиги, биохилма-хилликни сақлаш ва барқарор иқтисодий ривожланишни таъминлайди.
Фируза Муҳитдинова, ТДЮУ профессори