Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳаво ифлосланишига қарши курашиш долзарб вазифа
14:36 / 2025-12-01

Тошкент вилоятида экологик вазиятни яхшилаш, ҳаво ифлосланиш даражасини камайтиришга қаратилган тадбирлар олдидан тунги йўриқнома ўтказилди. Унда Бош прокурор ўринбосари Исроил Адҳамов бошчилигида вилоятдаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари ва ходимлари иштирок этди.

Тадбирда ҳудуддаги экологик вазият, ҳавога чиқарилаётган зарарли моддалар миқдорининг ортиш сабаблари ҳамда қувват ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари атрофлича муҳокама қилинди. Айрим тадбиркорлик субъектларининг экологик нормаларга тўлиқ амал қилмаётгани, жумладан, иссиқхона хўжаликлари ҳамда саноат объектларида чиқиндиларнинг тартибсиз ёқилиши ҳавонинг ифлосланишига сезиларли даражада таъсир кўрсатаётгани таъкидланди. 

Муаммоларни тизимли бартараф этиш мақсадида Республика махсус комиссияси масъуллари ҳамда вилоят Прокуратураси, ИИББ, ФВБ, Миллий гвардия ва Экология бошқармаси ходимларидан иборат ишчи гуруҳлар шакллантирилган бўлиб, улар томонидан мунтазам равишда назорат рейдлари ўтказилмоқда. 

Хусусан, Оҳангарон тумани Дўстлик маҳалласида жойлашган айрим хусусий корхоналарда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш жараёнида чиқиндилар, жумладан, полиэтилен моддалар ёқилгани аниқланди. Бу атроф-муҳитга зарарли моддалар тарқалиши ва маҳаллий аҳоли саломатлигига хавф туғилишига сабаб бўлган. 

Ишчи гуруҳ томонидан корхоналар фаолияти тўхтатилди. Ҳозирда табиатга етказилган зарар ҳисобланмоқда ва текшириш натижалари асосида қонунчиликка мувофиқ чоралар қўлланади. Шунингдек, назорат тадбирларида айрим жойлардаги иссиқхона эгалари ва бошқа хўжалик юритувчи субъектларга экологик талабларга риоя қилиш, чанг-газ тозаловчи мосламаларни ўрнатиш, резина ва бошқа турдаги чиқиндиларни ёқилғи сифатида ишлатмаслик бўйича огоҳлантиришлар берилди ва тегишли чоралар кўрилмоқда. 

А.Мусаев, ЎзА.