Эроннинг айрим ҳудудларида ҳавонинг ифлосланиш тўлқини юзага келди, бу эса ҳукуматнинг аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш ва ифлосланиш даражасини камайтириш учун вақтинча мактаблар ва университетларни ёпишига сабаб бўлди.
Таъкидланишича, ёпилишлар саккизта йирик шаҳарда ҳаво сифати кўрсаткичлари “ўта хавфли” даражага етганидан кейин фавқулодда вазиятлар гуруҳлари томонидан қабул қилинган қарорлардан сўнг амалга оширилган.
Шунингдек, қутқарув, соғлиқни сақлаш, ҳарбий ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларидан ташқари, давлат ва хусусий ташкилотларда фаолият юритувчи ишчиларга уйдан туриб онлайн ишлаш имконияти берилди.

Теҳрон вилояти фавқулодда вазиятлар штаби котиби Ҳасан Аббоснажод кечадан бери вилоятдаги мактаблар ва университетлар масофадан туриб ишлаётганини маълум қилди. Унинг айтишича, мактабгача таълим муассасалари ҳафта охиригача ёпиқ бўлади.
Язд, Алборз ва Шарқий Озарбайжон вилоятининг тўққизта шаҳридаги таълим муассасалари ҳамда давлат идоралари аллақачон масофавий ишлашга ўтган.
Баъзи ҳудудларда, жумладан, Исфахон вилоятидаги Кошон ва Аран-Бидгол ҳамда Сейистон ва Балужистон вилоятларининг бир қисмида мактабларнинг ёпилиши экологик ўзгариш эмас, балки гриппнинг авж олиши билан боғлиқ, дейилмоқда.

“IRNA” ахборот агентлиги ёзишича, банклар чекланган миқдордаги филиаллар орқали фаолият юритади. Ҳаракат чекловлари соат 6:30 дан 20:30 гача бўлиб, 9 миллионга яқин аҳоли яшайдиган шаҳарнинг махсус ажратилган ҳудудларига шахсий автомобиллар кириши тақиқланади.
Оғир юк ташувчи транспорт воситалари, шунингдек, қум-шағал конлари ва цемент заводлари фаолияти ҳам вақтинча тақиқланган. Теҳроннинг ҳаво сифати индекси душанба куни барча учун носоғлом ҳисобланган 170 баллни ташкил этди.
Мамлакат ҳаво сифатини назорат қилиш қўмитаси маълумотларига кўра, пойтахтда 2025 йилнинг шу даврига қадар бор-йўғи олти кун тоза ҳаво ҳукм сурган.
Эрон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳаво ифлосланиши оқибатида ўлкада ҳар йили 58 мингга яқин фуқаро вафот этади, дея маълумот берди. Шунингдек, инқироз мамлакатга ҳар йили 16 миллион доллардан ортиқ зарар келтиради.
Ў.Алимов, ЎзА