Андижонда бўлиб ўтган халқ депутатлари вилоят Кенгашининг 14-сессиясида прокуратура органларининг жорий йилнинг 9 ойидаги фаолияти кўриб чиқилди. Йиғилишда жиноятчиликнинг олдини олиш, ҳуқуқбузарликларни камайтириш ва қонун устуворлигини таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар муҳокама этилди.
Сессияда Андижон вилояти прокурори М. Абдухакимовнинг қонун устуворлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва фуқаролар хавфсизлигини мустаҳкамлаш борасидаги ахбороти тингланди.
Таъкидланишича, жорий йилда ҳудудларда хавфсизлик тизимини кучайтириш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилган. Хусусан, 8 минг 857 та кузатув камераси, 2 минг 903 та домофон ва 569 та “ташвиш тугмаси” ўрнатилган. Шунингдек, 1 минг 402 та “хавфсиз кўча” ҳамда 2 минг 891 та “хавфсиз йўлак”лар ташкил этилган.
Бу чоралар натижасида 522 та маҳаллада умуман жиноят содир этилмаган, 285 та маҳаллада барқарорлик сақланган. 3 йил давомида “қизил” тоифадан чиқмаган 43 та маҳалланинг 25 таси, оғир тоифада бўлган 97 маҳалланинг 82 таси мазкур тоифадан чиқарилгани профилактика ишларининг самарадорлигидан далолат беради.
Шу билан бирга, соҳаларда маиший коррупция ҳолатларига чек қўйилиши натижасида бюджет маблағлари тежалди, пул тушумлари ошди ва ортиқча харажатлар олди олинди.
Сессия якунида муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилиниб, ижрога йўналтирилди.
Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА мухбири