Сирдарё вилояти божхона бошқармасида ходимлар иштирокида “Ис гази ҳаёт учун хавфли” мавзусида профилактик учрашув ташкил этилди.
Мазкур тадбирда аҳоли яшаш хонадонларида ис газидан заҳарланиш ҳолатларининг олдини олиш, айниқса куз-қиш мавсумида юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда ҳолатларнинг барвақт олдини олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашув давомида Гулистон шаҳар Фавқулодда вазиятлар бўлими масъул ходими томонидан газ жиҳозларидан хавфсиз фойдаланиш қоидалари атрофлича тушунтирилди. У аввало, газ ускуналарини ўзбошимчалик билан улаш қатъиян ман этилишини таъкидлаб, бундай ҳолатлар оғир ва қайтариб бўлмас оқибатларга олиб келиши мумкинлигини қайд этди. Шунингдек, носоз ва техник кўрикдан ўтмаган иситиш қурилмаларидан фойдаланмаслик, хонада ҳаво алмашиш каналларини доимий равишда очиқ ҳолда сақлаш зарурлиги уқтирилди. Газ жиҳозлари ўрнатилган хонада ухлаш хавфли экани, айниқса ёш болаларни назоратсиз қолдирмаслик кераклигига алоҳида урғу берилди.

Шу билан бирга, иштирокчиларга ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш бўйича видеоролик намойиш этилди. Унда оддий эҳтиёткорлик ва хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш инсон ҳаётини асрашда ҳал қилувчи аҳамият касб этиши ёрқин мисоллар орқали тушунтирилди.
Ғулом Примов, ЎзА